Божхона қўмитаси коррупцияга қарши курашиш учун хорижлик экспертларни жалб қилди

16:40 29 Май 2018 Жамият
2069 0
Фото: World Customs Organization

Давлат божхона қўмитасида халқаро экспертлар иштирокида “Замонавий халқаро мажбуриятларга мувофиқ принципиал ривожланишга кўмаклашиш” мавзусида ўқув тренинги ўз ишини бошлади. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси Ахборот хизмати катта инспектори Ҳусан Тангриев "Халқ сўзи"га маълум қилди.

Давлат божхона қўмитасининг ташаббуси ва таклифига биноан ўтказилаётган ушбу тадбирда Жаҳон божхона ташкилоти экспертлари О.Жалитова ва И.Кикилик коррупцияга қарши курашиш бўйича халқаро стандартлар ва тажриба, бу йўналишдаги сўнгги тенденциялар ҳақида маърузалар ва тренинг машғулотларини олиб боришмоқда. 

Шу сабаб тадбирда республикамизнинг барча ҳудудларидан бевосита ушбу соҳага алоқадор божхона ходимлари иштирок қилишмоқда. 

Таъкидланганидек, юртимизда коррупцияга қарши курашиш янги ва янада фаол босқичга кўтарилган. Буни бевосита давлат божхона хизмати органлари фаолияти мисолида ҳам кўриш мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 12 апрелдаги «Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига биноан божхона органлари тизимида коррупция кўринишларига муросасиз муносабатни шакллантириш, халқнинг ишончини мустаҳкамлаш ва давлат божхона хизмати обрўсини ошириш Ўзбекистон Республикаси божхона органларини ислоҳ қилишнинг муҳим йўналишлари бири сифатида қайд этилди.

Шу мақсадда ҳозирда божхона органларининг фаолиятини такомиллаштириш бўйича институционал ўзгаришлар, уларнинг вазифа ва функцияларини оптималлаштириш, божхона органлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, божхона назорати самарадорлигини ошириш ва божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер