«COVID-19»нинг «Омикрон» штамми бошқа вариантлар билан солиштирилди. Қандай хавф бор?
Иллюстратив фото
Коронавируснинг «Омикрон» штамми бўйича ўтказилган тадқиқотлар шуни кўрсатдики, у ўзини инфекциянинг бошқа вариантлари каби тутади. Штаммларни таққослаш натижаларини Жанубий Африка Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбари Жо Паахла маълум қилди.
Унинг таъкидлашича, «Омикрон» штамми туфайли хавотирни кучайтириш учун ҳеч қандай сабаб йўқ.
«Касалликнинг оғир ўтишига келсак, у нисбатан оғирроқ кечиши мумкинлигига ишоралар мавжуд», дейди Жо Паахла. Шу ўринда, вазир вакцина вирусдан ҳимояланишнинг энг ишончли усули экани таъкидлади.
Ўз навбатида, Жанубий Африка Республикаси Тиббиёт тадқиқотлари кенгаши бош директори Гленда Грей коронавирус ташхиси билан касалхонага ётқизилаётган фуқароларнинг аксарияти эмланмаганлигини таъкидлади.
«Омикрон» инсон танасида вакцина ҳосил қилган ҳимояни енгиш қобилиятига эга», деди у. Шу билан бирга, Грей касаллик эмланганларда осонроқ ўтаётганини ҳам қайд этди.
Аввалроқ, Жанубий Африка Республикасида ноябрь ойида коронавируснинг янги «Омикрон» штамми аниқлангани маълум қилиниб, у «COVID-19»нинг «Дельта» вариантини ўрнини тезликда эгаллаётгани хабар қилинган эди.
Соғлиқни сақлаш вазирининг таъкидлашича, ҳозирда вирус билан касалланиш ҳолатларининг 70 фоизи янги штамм билан боғлиқ.
Вирусолог эса коронавируснинг янги — «Омикрон» штаммини жонли вакцина деб атаганди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг