COVID-19: АҚШда маҳаллий газеталар нега ёпиляпти?
Коронавирус дунёда кенг қулоч ёзган бир пайтда ишончли ахборотга талаб катта, бироқ рекламадан даромад кескин камайгани боис АҚШ бўйлаб маҳаллий газеталар ходимлари сонини қисқартиришга ва ҳатто ёпилишга мажбур.
Флоридадаги “Tampa Bey Tayms” (Tampa Bay Times) газетаси 11 мухбирни бўшатиб, онлайн режимга ўтиб олди. Сиэтлда чоп этилувчи “Streynjer” (The Stranger) нашрида 18 ходим ишидан айрилган. “Denver Post” (The Denver Post) ва “Boston Herald” газеталарида ҳам аҳвол шу.
Сўнгги бир ойда ахборотни онлайн қидираётганлар кўпайганига қарамасдан, коронавирус олиб келган иқтисодий турғунлик охирги 10 йилдан бери инқирозни бошдан кечираётган босма матбуотга яна бир зарба бўлди.
Маҳаллий газеталар тиражи камайиб, таҳририятларида иш соати, ходимлар сони қисқарган, кўпчилиги ҳатто умуман фаолиятдан тўхтаган. Пандемия даврида кўпгина бизнеслар ёпиқ ва реклама бермай қўйган. Бу эса аксар маҳаллий нашрларнинг асосий даромад манбаи эди.
Массачусетс штатининг Аттлеборо шаҳрида чоп этилувчи “San Kronikl” (The Sun Chronicle) газетаси муҳаррири Крейг Боргеснинг айтишича, онлайн ташриф буюрувчилар сони кескин ошганига қарамасдан, таҳририят аллақачон ходимлар сонини қисқартириб бўлган. Бор ходимлар билан ўқувчилар талабини қондиришга ҳаракат қиляпмиз, дейди у.
“Таҳририятда 10 тача ходим қолган. Умид қиламанки, бир амаллаб қаловини топамиз”, — дейди муҳаррир.
АҚШда охирги 15 йилда 2000 дан зиёд шаҳар ва қишлоқларда газеталар ёпилган. Мухбирлар сони 2004 йилга нисбатан тенг ярмига кам. Ўқувчилар ахборотни интернетдан олишни афзал кўрмоқда. Шу сабаб, табиийки, реклама берувчилар ҳам интернетга кўчди.
“Nyu-York Tayms” (The New York Times), “Vashington Post” (The Washington Post), “Vol Strit Jornal” (The Wall Street Journal) каби йирик газеталарнинг миллионлаб онлайн обуначилари бор, аммо кўпгина босма нашрларнинг қозони асосан реклама ҳисобига қайнайди. Пандемия туфайли кўпгина бизнеслар фаолияти тўхташи билан реклама берувчилар ҳам кескин камайган.
Халқаро янгиликлар медиа ассоциациясининг тадқиқотларига кўра, реклама бозори йилдан-йилга қисқариб бормоқда. Охирги бир неча ҳафта ичида АҚШ газеталарининг рекламадан келувчи даромади 20-30 фоизга камайган.
Сўнгги ҳафталарда кўпгина нашрлар маблағ тежаш учун ходимлари маошини қисқартириш ёки ўз ҳисобидан таътилга чиқаришга мажбур бўлган. Баъзи нашрлар фаолияти ҳатто умуман тўхтади. Баъзилари фақат онлайн кўринишга ўтди.
Маҳаллий нашрларга кўмаклашувчи “GroundTruth Project” нодавлат ташкилотининг билдиришича, баъзи таҳририятларда ходимларнинг ҳатто ярим ойлигини тўлашга ҳам қурби етмайди.
Президент Доналд Трамп имзо чеккан 2,2 триллион долларлик ёрдам пулидан кичик маҳаллий нашрларга ходимларини ишдан бўшатмаслик шарти билан кредит ва грантлар ажратилиши мумкин. Босма матбуот манфаатларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар президент ва Конгрессга жўнатган мактубда матбуот мустақиллигини сақлаб қолиш учун давлатдан молиявий ёрдам олиш ҳақида ҳам гап боради.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг