"Cold Out"дори воситаси юртимизда давлат рўйхатидан ўтказилмаган
Ушбу йўталга қарши қўлланилувчи дори воситаси ҳақида Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази қуйидагиларни маълум қилди.
ЖССТ маълумотларига кўра, "Cold Out" сиропи “Fourrts Laboratories” (Ҳиндистон) томонидан “Dabilife Pharma” учун ишлаб чиқарилган бўлиб, унинг таркибида токсинлар борлиги қайд этилган.
Шунингдек, Ҳиндистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, мазкур дори воситаси Ироқда ўтказилган алоҳида синовларда муваффақиятсизликка учрагач, эркин савдодан қайтариб олинган.
Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази Ҳиндистоннинг “Fourrts Laboratories” томонидан ишлаб чиқарилган мазкур дори воситаси Ўзбекистон Республикасида давлат рўйхатидан ўтказилмаганлигини маълум қилиб, ижтимоий тармоқларда тарқалаётган хабарлар юзасидан юртдошларимиз хавотирга тушмасликларини сўради.
Таъкидланишича, 2023 йил февраль ойидан бошлаб, юртимизда ишлаб чиқарилаётган ва мамлакатимизга кириб келаётган сироб шаклдаги дори воситалари таркиби диэтиленгликол (ДЭГ) ва этиленгликол (ЭГ) заҳарли моддалари бўйича чуқур текширилиб, ССВ томонидан бу борада қатъий назорат ўрнатилган.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг