CNNда «Самарқанд руҳи» фильми намойиш этилди
Дунёнинг етакчи оммавий ахборот воситаларидан бири – CNN телеканалида Ўзбекистоннинг сайёҳлик имкониятлари, қадимий шаҳарнинг маданий мероси, тарихий диққатга сазовор жойлари, замонавий ҳаёти ва маданиятига бағишланган «Самарқанд руҳи» ҳужжатли фильми намойиш этилди.
Суратга олиш ишлари Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Туризм қўмитаси кўмагида 2023 йил ноябрь ойида амалга оширилган.
Телеканал продюсери Антония Мортенсен бошчилигидаги ижодий гуруҳ Самарқанднинг тарихий масканларида бўлиб, хаттотлик санъати, замонавий ва қадимий мусиқа анъаналари, Самарқанд паловининг тайёрланиши, шунингдек, таниқли меъмор ва тарихчилар билан суҳбатлар лавҳаларини суратга олди.
Туризм қўмитаси Суратга олиш ишларини ташкил этишда иштирок этган Самарқанд вилояти ҳокимлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Кинематография агентлиги, Маданий мерос агентлиги ҳамда мамлакатимизнинг бой туризм салоҳияти, шунингдек, ўзбек халқининг қадимий маданияти, тарихи, анъаналарини тарғиб этишда фаол ҳамкорлик қилгани учун CNN телеканалига ўз миннатдорлигини билдиради.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг