Чустнинг ёши нечада?

14:43 10 Октябр 2022 Жамият
1264 0

Фото: Халқ сўзи

Қадимшунослар Фарғона водийсининг шимолий қисмида, тоғ этагидаги текисликда жойлашган мазкур кўҳна шаҳарнинг тарихи сўнгги бронза ва илк темир даврига мансублиги ҳақида далолат келтиришади. Шаҳар ўтмишига доир маълумотларда ўрта асрларда бу жой ҳарбий қалъа сифатида ривожлангани ва Бобурнинг отаси Умаршайх Мирзо 1480 йилда Чустни ўз қароргоҳига айлантиргани қайд этилган. XVI аср бошларида эса Чуст бир нечта қўрғондан иборат бўлиб, улар умумий девор билан ўралган. 1882 йилда қалъа деворлари бузиб ташланган. Шаҳар кенгайиб, 1886 йилдан Чуст уезди маркази вазифасини бажарган.

— Чуст маданияти ёдгорликларини қазиш жараёнида уларнинг қуйи қатламидан доира шаклида қурилган кўплаб ўралар топилган. Масалан, Чуст маконида 60 дан ортиқ, Чимбой маконида эса 16 та ана шундай ўра очилган. Уларнинг қандай мақсадда қурилгани тўғрисида турли хил фикрлар мавжуд. Бир гуруҳ олимлар «кулба» деб талқин этса, бошқа бир гуруҳ олимлар Фарғона водийсида яқин кунларгача анъана бўлиб келган ғалла омбори деб биладилар, — дейди Миллий археология маркази катта илмий ходими, қадимшунос Сергей Баратов. — Қазилмалар фонида аниқланган ғиштдан қурилган уйлар, яъни хонадонлар қолдиқлари Чуст маданияти тарихининг иккинчи босқичидан дарак беради. Чунки дастлаб қадимги Фарғона деҳқонлари ярим ертўла ва чайлаларда истиқомат қилганлар. Бу эса уларнинг насл-насаби ва келиб чиқиши жиҳатидан қадимги чорвадор қабилалардан ажралиб чиққанликларини тасдиқлайди.

Чустда иш олиб бораётган мутахассислар археологик тадқиқотлар натижасидан келиб чиқиб «Бибиона» ёдгорлигининг маданий қатламлари ва қўлга киритилган моддий ашёларни илмий жиҳатдан таҳлил қилиш жараёнида даврлаштириш масаласи қайтадан комплекс ўрганишни тақозо этаётганини таъкидлашди.

— Шундан келиб чиқиб ўрганилган қазув объектини келгусида янада кенгайтириш ва бу ерда «Очиқ осмон остидаги музей» ташкил этиш зарурати бор, — дейди Ахсикент маданий мерос ёдгорлигини сақлаш ва тадқиқ қилиш дирекцияси илмий ходими, қадимшунос Шукрулло Насриддинов. — Эндиликда ёдгорликда палеозоологик ва палеоботаник тадқиқотларни замонавий услублар орқали олиб бориш лозим. Боиси, ҳозиргача ўрганишлар натижасида маданий қатламлардан кўплаб ҳайвон суяклари ва ўсимлик қолдиқлари топилган.

Қадимшунос мутахассислар Чустдаги тадқиқотларни давом эттиришда замонавий воситалар, яъни Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигининг Юқори технологиялар лабораторияси асосида ёдгорликни сканер қилиш (фото магнитли сканер), планиографик ва стратиграфик қазишма ишларини олиб бориш заруратига эътибор қаратишмоқда. Бундан ташқари «Бибиона» археологик манзилининг муҳофаза чегарасини аниқлаштириш ва объектни турли ташқи таъсирлардан ҳимоя қилиш режасини ишлаб чиқиш ҳам куннинг долзарб масаласи сифатида айтилаётир.

 

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер