Чустда мактаб кутубхоначиларига устама пули нега берилмади?

17:38 06 Февраль 2023 Жамият
762 0

Фото: Иллюстратив cурат

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 154-моддасида иш берувчи ўзининг молиявий ҳолатидан қатъи назар, ходимга бажарган иши учун ҳақни белгиланган меҳнат ҳақи шартларига мувофиқ кўрсатилган муддатларда тўлаши шартлиги белгиланган.

Наманган вилояти Чуст туманидаги 71 та умумтаълим мактабида кодекснинг ана шу моддаси талаблари бузилгани маълум бўлди. Туман адлия бўлимига келиб тушган мурожаатда таъкидланишича, ушбу муассасаларда фаолият юритиб келаётган кутубхоначиларга кутубхона фонди билан шуғулланганликлари учун қонуний тўланиши керак бўлган устама пули берилмаган. Масала атрофлича ўрганилганида, кутубхоначилар мурожаатида келтирилган ҳолат айни ҳақиқат экани тасдиғини топди.

— Мурожаатда кўтарилган масалага тезкорлик билан ечим топилди, —дейди Чуст тумани адлия бўлими бошлиғи Азамат Жўраев. — Бўлимимиз томонидан туман халқ таълими бўлимига кутубхоначиларга қўшимча ҳақлар тўлаб берилиши юзасидан бажарилиши мажбурий бўлган тақдимнома киритилди. Натижада туманимиз мактабларидаги 71 нафар кутубхоначига 98 миллион 693 минг сўм миқдоридаги устама пули ажратилди.

 

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер