Чумоқчаликлар қиш мавсумида электр таъминотида муаммоларга дуч келишмайди
Фото: “Халқ сўзи”
Фарғона вилоятининг гўзал ва бетакрор табиати билан машҳур, қўшни мамлакат ҳудудидан ўтиб борилувчи олис Сўх туманида бугун 80 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади.
Шу боис сўхликларнинг тинч ва фаровон умргузаронлик қилиши давлатимизнинг доимий эътиборида. Айни пайтда туманда кўп йиллар давомида йиғилиб қолган муаммоларни босқичма – босқич ҳал этиш, 27 та МФЙда ижтимоий – иқтисодий ривожлантириш дастурларини амалга ошириш, қишлоқ хўжалиги, саноат ва тадбиркорликни ривожлантириш орқали янги иш ўринлари яратишга жиддий аҳамият қаратилмоқда.

Ҳаётбахш дастур доирасида жорий йилда туманнинг “Чумоқча” МФЙ ҳудудида кенг кўламли ишлар олиб борилиб, маҳалла аҳли турмуш шароитини яхшилаш бўйича қувонарли ютуқларга эришилди. Хусусан, паст кучланишли электр тармоқлари янгисига алмаштирилди. Шу мақсадда маҳалланинг ички кўчаларига 150 та темир бетон таянчлар ўрнатилди.

Қарийб 3 км га янги электр узатиш тармоғи тортиш ишлари режалаштирилди. Бундан ташқари, маҳалладаги мавжуд трансформаторлар юкини камайтириш учун 1 та янги трансформатор пункти ташкил этилди. Натижада 300 га яқин хонадоннинг электр таъминоти яхшиланди.
— Гапнинг очиғи, совуқ кунлар бошланадиган қиш мавсумида чироқ ўчишидан безиллаб қолган эдик,— дейди 75 ёшли меҳнат фахрийси Ҳамалбой Очилдиев. — Бу каби муаммоларни ҳал қилса бўларканку! Йилдан – йилга маҳалламиз обод бўлиб, сув, йўл, газ, электр билан боғлиқ барча масалалар ижобий ҳал этиляпти. Бундан беҳад мамнунмиз.
Ботир МАДИЁРОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг