Чорвачилик тармоқлари учун катта имконият ва рағбатлар берилади

11:00 12 Март 2021 Иқтисодиёт
2357 0

Ички истеъмол бозорини гўшт, сут, тухум ва бошқа чорвачилик маҳсулотлари билан барқарор таъминлаш, ички ва ташқи бозорларда рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш долзарб вазифалардан саналади. Шу боис, кейинги йилларда чорвачилик, паррандачилик ва балиқчиликни ривожлантиришга доир муҳим қарорлар қабул қилинмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 3 мартдаги «Чорвачилик тармоқларини давлат томонидан янада қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига биноан, мазкур соҳада бир қатор янгиликлар жорий этилмоқда.

Хусусан, шу йил 1 мартдан бошлаб Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармасининг компенсация ва кафиллигидан фойдаланган чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик ва қуёнчилик йўналишидаги кредити бўйича тўловларни ўз вақтида қайтараётган тадбиркорлик субъектларига, кредит бўйича қарздорлиги тўлиқ қопланмагунча, янги кредитлар бўйича жамғарманинг кафиллигидан яна фойдаланишга рухсат берилди.

Чорва маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналар лалми ва яйлов ер участкаларида томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш технологиясини жорий қилиб, озуқабоп экинлар етиштириш учун мазкур ер участкаларида суғориш тик қудуқлари бурғулашга ҳар бир метр чуқурлиги учун 100 минг сўмдан субсидия берилади. Бунда субсидия харажатлари давлат бюджети ва халқаро молия институтлари, хорижий ҳукумат ташкилотлари ва бошқа донорларнинг кредитлари (қарзлари) ва грантлари ҳисобидан қопланади.

2021 йил 1 январдан бошлаб 2024 йил 1 январга қадар наслчилик субъектлари учун асосий фаолият тури бўйича фойда солиғи (тижорат банкларида жойлаштирилган маблағлардан олинган фоизлардан ташқари), мол-мулк солиғи, ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкаси 50 фоиз миқдорида қўлланилади.

Қарорнинг ушбу банди қоракўлчиликни ривожлантиришда катта аҳамиятга эга. Кейинги йилларда сур, қора ва кўк терили, юқори элита синфли наслдор қоракўл қўйлар етиштиришга ихтисослаштирилган Илмий наслчилик тажриба станциялари фаолияти алоҳида ўрин тутмоқда. Уларнинг ва наслчилик хўжаликлари мақомига эга бошқа субъектларнинг ушбу имтиёзлардан келгуси уч йил мобайнида фойдаланиши натижасида ўз ҳисобларида қолган маблағлар асосий фаолиятни кенгайтиришлари учун хизмат қилади.

Ҳужжатга мувофиқ, жорий йил 1 июлдан бошлаб қўшилган қиймат солиғи тўловчиси бўлган чорвачилик хўжаликларига – ўз хўжаликларида етиштирилиб, гўшт учун реализация қилинган йирик ва майда шохли қорамоллар тирик вазнининг ҳар бир килограмми учун 2 000 сўм ҳамда соғилган сутнинг ҳар бир литри учун 200 сўм миқдорида республика бюджетидан субсидия ажратилади. Ушбу бандда назарда тутилган субсидиялар қўшилган қиймат солиғидан қарздорлиги мавжуд бўлмаган, шунингдек, контрагентларни танлашда лозим даражада эҳтиёткор бўлган корхоналарга ўз аризаларига асосан кейинги ойнинг 25-санасигача ажратилиши белгилаб қўйилган.

Муҳим масалалардан яна бири, давлат ветеринария хизмати тизимида чорва моллари, паррандалар ва балиқлар озуқаси таркибини таҳлил қилиш ҳамда паррандалар касалликлари ташхисини қўйиш бўйича лабораториялар ташкил этилишидир. Бунинг учун шу йил 1 апрелга қадар Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармасидан 3 миллиард сўм маблағ ажратилиши белгиланган.

Балиқчилик ва паррандачилик соҳаларини суғурталаш тизими бугунги кун талабларига жавоб бермайди. Мисол учун, бўрон, довул, сел, сув тошқини, зилзила, касалликлар оқибатида нобуд бўлиш, мазкур жойга хос бўлмаган даражада ҳавонинг совуқ ёки иссиқ келиши, портлаш, балиқхўр қушлар томонидан зарар етказилиши ва учинчи шахс томонидан қасддан қилинган ҳаракат, ўғриликлар туфайли балиқчилик хўжаликлари зарар кўриши мумкин.

Ёки паррандачилик хўжаликларини турли касалликлар тарқалиши ва фавқулодда вазиятлар (электр энергияси ва табиий газдаги узилишлар) оқибатида нобуд бўлишидан суғурта орқали ҳимоялаш тизими мавжуд эмас. Шу сабабли Молия вазирлиги «Ўзбекбалиқсаноат» уюшмаси ҳамда «Ўзбекчорванасл» агентлиги билан биргаликда бир ой муддатда балиқчилик ва паррандачилик хўжаликларини юқоридаги ҳолатлардан ҳимоялашга қаратилган суғурталаш тартибини ишлаб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига киритиш вазифаси қўйилди.

Етиштирилган маҳсулотларни сотишга кўмаклашиш ишлаб чиқаришдан қисқа муддатларда дўконга чиқарилишини таъминлашда харажатни камайтириш ва маҳсулотлар сифати бузилишининг олдини олишда катта аҳамиятга эга. Шу мақсадда паррандачилик ва балиқчилик хўжаликларига ўзи ишлаб чиқарган тухум, парранда гўшти ва балиқ маҳсулотларини сотиш учун деҳқон бозорлари ва аҳоли гавжум ҳудудлардан доимий савдо жойлари (нуқталари), ҳар бир деҳқон бозорида ҳамда шаҳар (туман)даги аҳоли гавжум жойларда камида 2 тадан енгил конструкция асосида парранда ва балиқ маҳсулотлари сотишга мўлжалланган савдо дўконларини қуриш учун жой ажратилади. Бу ишларни ташкил этишда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, «Паррандасаноат» ва «Ўзбекбалиқсаноат» уюшмалари масъул этиб белгиланди.

Арзон ва сифатли озуқа билан таъминлаш чорва маҳсулоти таннархини камайтиришда асосий омиллардан бири. Эндиликда «Ўзбекистон республика товар-хомашё биржаси» АЖ рапс (уруғи, шроти, кунжараси, ёғи), писта (уруғи, шроти, кунжараси, ёғи), соя (уруғи, шроти, кунжараси, ёғи), балиқ уни ва ёғи, арпа, макка, фосфат ва холин хлорид маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи хорижий компанияларни биржа савдоларига жалб қилиш чораларини кўради. Бу жараёнда маҳсулотларни биржа орқали миллий ёки хорижий валютада импорт қилишга рухсат берилгани ҳам айни муддао бўлди. Зеро, бу ишлар яхши ташкил этилса, озуқа нархлари мақбуллашади ва барқарорлашади.

Хулоса ўрнида айтганда, ушбу қарорда чорвачиликнинг барча тармоқлари муваффақиятли ишлаши учун зарур шарт-шароит яратиш бўйича муҳим вазифалар ўз ифодасини топган. Мазкур чора-тадбирлар ички истеъмол бозорини гўшт, сут, тухум ва бошқа чорвачилик маҳсулотлари билан барқарор таъминлаш, озуқа базасини кенгайтириш, ички ва ташқи бозорларда рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Актам ҲАИТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси
Спикери ўринбосари,
ЎзЛиДеП фракцияси раҳбари

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер