Чорвачилик йўналишида янги лойиҳа

17:41 26 Июнь 2024 Жамият
237 0

Фарҳод ЭСОНОВ/«Халқ сўзи». Шеробод туманида «Pomir agroklaster» МЧЖ хориж корхонаси томонидан умумий қиймати 392 миллиард сўмлик чорвачилик комплекси барпо этилмоқда.

Мазкур лойиҳа доирасида 5 минг бош зотдор қорамолни парваришлаш комплекси, йилига 30 минг тонна сутни қайта ишлаш ва ун маҳсулотлари ишлаб чиқариш заводлари қурилиши режалаштирилган.

Сурхондарё вилояти ҳокими қурилиш ишлари жадал олиб борилаётган комплексга бориб, тадбиркорлар билан суҳбатлашди. Қурилиш ишларини жадаллаштириш учун зарур кўмаклар кўрсатилиши, доимий иш ўринлари яратиш ҳамда аҳолини гўшт ва сут маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қоплашда муҳим бўлган лойиҳани муддатида ишга тушириш лозимлигини алоҳида таъкидлади. Ушбу лойиҳа амалга оширилса 175 та доимий иш ўрни яратилади.

Шу йилнинг апрель ойида Сурхондарё вилояти ҳокими раҳбарлигидаги делегация Венгрия давлатидаги амалий ташрифи доирасида Чонград-Чанад вилоятида бўлиб, «Bonafarm» компаниясининг чорвачилик фермаси ва сутни қайта ишлаш корхонаси фаолияти билан танишган эди. Сегед шаҳрида ўтказилган тадбирда «Bonafarm» компанияси ва «Pomir agroklaster» МЧЖ ўртасида зотдор чорва молларини етказиш, сутни қайта ишлаш ва мутахассислар малакасини ошириш бўйича келишувларга эришилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер