Чортоқдаги мактабда бюджетдан ташқари бир ярим миллиард сўмга яқин маблағ ишлаб топилди
Фото: Халқ сўзи
Наманган вилояти Чортоқ туманидаги 40-умумий ўрта таълим мактабида бюджетдан ташқари маблағ топиш йўлида олиб борилаётган ишлар нафақат ушбу ҳудудда, балки республика миқёсида эътирофга сазовор, оммалаштиришга лойиқ. 2 минг 126 нафар ўқувчига 110 нафар педагог-ходим таълим-тарбия бераётган даргоҳда ўтган ўқув йили мобайнида 1 миллиард 480 миллион сўм маблағ ишлаб топилди. Бу ҳар жиҳатдан кўркам ва тараққиёт асри талабларига мос қулайликларга эга бўлган маърифат масканидаги имкониятлар кўламини янада кенгайтирди. Хусусан, айни йўналишдаги саъй-ҳаракатлар жараёнида 16 та янги меҳнат ўрни яратилиб, шунча педагог-ходим иш билан таъминланди. Ўқитувчилар хонаси учун замонавий мебеллар харид қилинган бўлса, 22 та синф хонасига смарт телевизор, 4 та кондиционер, 2 та электрон доска олиниб, 42 та синф хонаси тўла таъмирдан чиқарилди.

Изланиш ва интилишлар ўқитувчи ҳамда ўқувчиларни янгидан-янги ташаббусларга ундамоқда. Масалан, бу ерда ташкил этилган «Шукрона» қўғирчоқ театри 45 нафар истеъдодли ва иқтидорли ўқувчиларни қамраб олган, ҳатто муаллимларнинг 17 нафари ҳам унинг фаол аъзолари саналади. Ёш талантлар томонидан устозлар кўмагида «Шум бола», «Бобурнома» асарлари асосида, шунингдек, «Афандининг беш хотини», «Буратино», «Қизил шапкача» эртаклари саҳналаштирилиб, томошабинларга тақдим этилди.
Мактабда асосий ўқув машғулотларига қўшимча равишда фаолият кўрсатаётган бешта фан тўгарагига 180 нафар ўқувчи қамраб олинган. 6 та тайёрлов гуруҳида 320 нафар кичкинтой мактабга тайёрланмоқда. Эътиборлиси, “Stenford” ўқувчиларни халқаро сертификатларга тайёрлов гуруҳида кўплаб ўғил-қизлар замонавий билимларни эгаллашмоқда. Натижалар ҳам шунга монанд. Чунончи, ўтган ўқув йилида айнан шу гуруҳда сабоқ олган ёшларнинг 42 нафари IЭLTS халқаро сертификатини қўлга киритган эди. Жорий йилнинг айни даврига қадар эса яна 20 нафар ўқувчи IЭLTSдан юқори балл олди.
— Қўшимча тўгараклар, ўқув курслари ва тайёрлов гуруҳлари ташкил қилиш, ошхонани ижарага бериш каби мавжуд имкониятлардан фойдаланиш саъй-ҳаракатлари натижасида топилган маблағ иқтидорли ўқувчиларни тақдирлашда, ўқитувчиларни рағбатлантиришда ҳам муҳим омил бўлмоқда,— дейди мактаб директори Гулбаҳор Хошимова.
Фаол меҳнат, интилишларнинг яна бир самараси сифатида ўтган ўқув йили якунига кўра, мактабни битирган 117 нафар ўғил-қизнинг 95 нафари олий таълим муассасалари талабасига айланганини айтиш кифоя.
Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг