Чорчинорнинг чинорлари қани?

15:45 16 Февраль 2021 Жамият
1479 0

Вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасидан олинган маълумотларга қараганда, Бухорода ёши 100 ва ундан катта бўлган 213 та дарахт бор. Улар орасида Когон тумани Баҳоуддин Нақшбанд маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли Чорчинор қишлоғидаги чинор алоҳида ажралиб туради.

Бошқарманинг биохилмахиллик ва муҳофаза этиладиган табиий ҳудуд бўлими бошлиғи вазифасини бажарувчи Абдуқаҳҳор Ғаффоровнинг билдиришича, бу қишлоқдаги чинор 702 йил умр кўрган.

— Авлоддан авлодга ўтиб келаётган ривоятларга қараганда, чинор кўчатини ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанд ўтказган эканлар, — дейди чорчинорлик 74 ёшли отахон Аҳмад Боқиев. — Ўзим тарих фани ўқитувчиси бўлганим боис бу гўшанинг ўтмишидан анча-мунча хабардорман. Ҳовуз атрофида аслида тўртта чинор бўлган. Бир пайтлар шу ердан ўтган йўл Баҳоуддин Нақшбанд зиёратгоҳининг кунботар дарвозасига бориб туташган. Ҳовуз атрофи жазирама иссиқда жоннинг роҳати эди. Бу ерга ҳатто тангадек офтоб нури тушмаган. Зиёратчилар аввал шу ерга келиб, ҳордиқ чиқаришган. Қўл– бетларини ювиб, покланиб, кейин қадамжо сари йўл олишган. Муқаддас қадамжоларга бориш тақиқ этилган шўро тузуми даврида айрим зиёратчиларнинг шу ерда яширинча диний амалларни бажаришганига ўзим гувоҳман.

— Яқинда бир хорижий сайёҳ шу ерда бўлди, — давом этади Аҳмад ака. — Қўлидаги харитага қараб «Чорчинорда Баҳоуддин ҳазратлари қадами теккан экан. Шу ерни кўргани келдим», деди. Ён-атрофдаги нохуш манзарани кўриб меҳмоннинг олдида жуда хижолат чекдим. Қишлоғимиз вакили Шавкат Бектошев билан шу ерда яшовчиларни инсофга чақиряпмиз. Нафи бўлмаяпти.

Айтмоқчи, ҳозир чинорларнинг атиги биттаси қолган, холос. Қолганлари эса эътиборсизлик оқибатида қуриб кетган. Чамаси ўн йил муқаддам бирининг қуриган танасини ҳатто ёқиб ҳам  юборишган.

Агар чинорнинг ёши етти асрдан ошгани, бу ердаги қадимий масжиднинг пойдевор қисми сақланиб қолгани, қишлоқ аҳли ҳунарманд бўлгани каби далиллар эътиборга олинса, чиндан ҳам мазкур гўшага улуғ бобокалонимиз, нақшбандия таълимотининг асосчиси Баҳоуддин Нақшбанд назари тушган, деган фикрга келасан, киши.

Афсуски, шундай шинам ва азиз гўша яқин ўтмишдаги манқуртлик қурбони бўлди.

Ачинарлиси, ўзи ўтирган шохга болта урарлар ҳозир ҳам топилаяпти. Гап шундаки, ҳовуз ва чинор атрофи айрим кимсалар томонидан ахлатхонага айлантирилган. Бу ҳам етмагандек, ён- атрофда яшовчиларнинг айримлари ҳовуз атрофидаги ерни ҳовлиларига қўшиб олишган. Қадимда одамлар қадами узилмаган обод гўшанинг бугунги аҳволини кўриб, қаровсизлик, лоқайдлик, виждонсизлик ҳам эви билан-да,  бу маҳалланинг эгаси борми ўзи дегинг келади.

 Вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасидан билдиришларича, ёши 100 йил ва ундан ошган дарахтларни хатловдан ўтказиш, уларни давлат табиат ёдгорликлари деб эълон қилиш ҳамда муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар давлат кадастрига киритиш тўғрисида 2020 йилнинг 13 майида Когон туман ҳокими М. Эсанов томонидан қабул қилинган 295-сонли қарор бор. Қарор 2-бандида туман ҳудудидаги ёши 100 йил ва ундан ошган дарахтлар, жумладан, Чорчинордаги чинор «Давлат табиат ёдгорлиги»деб эълон қилинсин, дейилган.Шу қарорга мувофиқ, амалдаги тартиблар асосида дарахтнинг номи, ёши, манзили, рўйхатга олинган сана кўрсатилган ҳолда чинор ёнида махсус белги (афиша) ўрнатилиши ҳамда мазкур табиат ёдгорлигини муҳофаза қилиш ишлари таъминланиши лозим. Амалда эса ҳеч вақо қилингани йўқ.

Шу ўринда савол туғилади: ҳокимнинг қарори нима учун қабул қилинади ўзи? Ижро этиш учунми ёки кўзбўямачилик учунми? Наҳотки, Чорчинордаги аҳволни кўриб масъулларнинг юраги «жиз» этмайди?!

Ахир, Чорчинордаги ҳовуз атрофи ободонлаштирилса, чинни чинор кўчатлари ўтқазилса, уйлар  миллий анъаналар асосида тартибли барпо этилса бу қадимий гўша етти иқлимдан Баҳоуддин Нақшбанд зиёратгоҳига ошиққан зиёратчию сайёҳларнинг суюмли манзилига айланмайдими?

Айланади, албатта. Ҳамма гап иштиёқда, амалий ҳаракатда.

Истам ИБРОҲИМОВ,

(«Халқ сўзи»)

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер