Чўлпон Бухорога нега борган эди?
Фото: Халқ сўзи
Ўзбек давлатчилиги тарихида Бухоро Халқ Совет Республикаси (1920 - 1924) даври муҳим ўрин тутади. Ўша пайтда янги ташкил қилинган республикада маданий муассасалар фаолиятини йўлга қўйиш долзарб вазифа эди. Шунинг учун Туркистон АССРдан кўплаб мутахассислар таклиф этила бошланади.
Шу ўринда бир мисол. Маннон Уйғур 1921 йилнинг апрель ойи ўрталарида Бухорода театр труппасини ташкил қилишда фаол иштирок этган. Ўша йилнинг май ойи охирларида Бухорога таклиф қилинган Абдулҳамид Чўлпон ҳам бу масалада кўмагини аямаган. Натижада кичик труппалар бир театрга бирлаштирилиб, маориф нозирлиги ихтиёрига ўтади ва давлат театрига асос солинади. Театрда Маннон Уйғур режиссёр, Чўлпон адабий маслаҳатчи бўлиб ишлаган.
Чўлпоннинг Бухородаги ҳаёти ва фаолияти кўплаб олиму тадқиқотчилар томонидан ўрганилган. Бу ҳақида батафсил тўхталиш ниятида эмасмиз. Таъкидламоқчимизки, шоирнинг Бухорога келиши ва бу ердаги фаолияти даврига оид турлича қарашлар мавжуд. Жумладан, таниқли олим Наим Каримов “Лекин агар у (Чўлпон) Тошкентдаги илмий ижодий ҳаётидан мамнун бўлганда, айниқса, оилавий ҳаёти равон кечганда, бизнингча, “Бухоро ахбори” газетасига ишга бормаган бўлар, эҳтимолки, Фитрат ҳам уни чорламаган бўларди”, деб ёзади. Бу ўринда адабиётшунос олим Чўлпон айнан газетага муҳаррирлик қилгани келган, деган фикрни ўртага ташлаяпти.
“Туркистондаги миллий озодлик ҳаракатларига боғланган Чўлпоннинг умидлари саробга айланган бир вақтда Фитратдан таклиф келади. Амирлик тугатилгандан кейин умид кўзи билан боққан жадидлар Бухорога йиғила бошлайдилар. Улар республикани мустаҳкамлаш билан бирга Туркистон озодлиги учун курашни мақсад қилганлар. “Булардан хабардор Чўлпон Фитратнинг таклифига розилик берган”, деган фикрни беради яна бир забардаст олим Д. Қуронов.
Б. Дўстқораев фикрига кўра, “Бухоро ахбори” газетаси биринчи муҳаррири Муҳаммад Саид Аҳрорий Бухоро Халқ Совет Республикасининг Озарбайжондаги элчиси лавозимига тайинланган. Унинг Бокуга кетиши маълум бўлгач, газета муҳаррирлигига Чўлпон таклиф этилади.
Хуллас, қизғин ижодий фаолият билан шуғулланаётган Чўлпоннинг Бухорога келиши сабаблари манбаларда турлича ифодаланган. Шуниси аёнки, Фитрат маданий ишлар самарадорлигини ошириш учун Бухорога Маннон Уйғур, Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий, Чўлпон каби адабиёт ва санъат намояндаларини таклиф қилади. Туркистон АССР тўлалигича советлашиб, мустақиллик учун курашиш имкониятлари тобора мушкуллашиб бораётгани туфайли миллатпарварлар Бухорога йиғила бошлайдилар. Шу нуқтаи назардан 1921 йилда “Турон” театрида фаолият юритган Чўлпон устози Фитрат билан ёнма-ён ишлашни ўзига маъқул кўрган бўлса керак. Бухорога келиши билан боғлиқ хотиралар Чўлпоннинг “Йўл эсдаликлари” очеркида акс этган. Гарчи Бухорога келиш таклифини қабул қилган бўлса-да, сафар арафасида турли ўйларга толган шоирнинг кайфиятида руҳий тушкунлик ҳолати кузатилади. Ҳатто Бухорога келгач, айрим туркистонликлар томонидан танқидга учраганлиги маълум. Ушбу танқидлар асоссизлигини уқтирмоқчи бўлган шоир ўзининг “Мен қочмадим” (Тошкентдаги ўртоқларимға) шеърини ёзади:
Мен қочмадим! – Нега мени “қочди” деб
Йўққа мунча шовқун – сурон қилдингиз?
Чўлпон Бухорода, аввало, ёшлар ва аскарлар ўртасида маданий – маърифий ишларни йўлга қўйишга киришади. Сўнгра газетада бош муҳаррир бўлиб ишлайди, бир муддат БХСР маориф нозирлигида фаолият юритади. 1921 йил 27 майдан 1922 йилнинг 20 мартига қадар Бухорода яшаб ижод қилади.
Биз Чўлпон Бухорога айнан газетага муҳаррирлик қилмоқ учун келганди, деган фикрга қўшилмаймиз. У бу шаҳарга маданий-маърифий соҳани жонлантириш учун чорланган ва газета муҳаррирлиги бўшаб қолганда Чўлпон Бухорода бўлганлиги боис Фитратнинг таклифи билан ҳукумат раҳбари Файзулла Хўжаев шоирни муҳаррирлик лавозимига тайинлаган. У 1921 йилнинг 30 июнидан 1922 йилнинг 15 январигача газетада муҳаррир лавозимида ишлайди. Шу тариқа “Бухоро ахбори”нинг 41-67 сонлари Чўлпон раҳбарлигида дунё юзини кўради.
Сиёсий – ижтимоий, ижодий-маданий фаолиятга оилавий муаммолар қўшилиб. шоирни толиқтиради. Безгак билан оғриган адиб 1922 йилнинг 4 январидан 5 февралгача Когондаги ҳарбий шифохонада даволанади. Газета фаолияти тўхтаб қолмаслиги учун адибни муҳаррирлик лавозимидан озод этишга мажбур бўладилар.
Шоирнинг ўша кезларда қоғозга тушган бир шеърида шундай мисраларни ўқиш мумкин:
Оғриқ қолди, қайғу олди, зор қолди,
Сунук кўзли бағри эзик ёр қолди.
Алам қолди, фироқ олди, қон олди,
Амал қолди… кўз ёшли жон қолди
Шоирнинг “Амал қолди” дея уч нуқта қўйиши бежиз эмас. Бу муҳаррирлик амалидан айрилганлигига ишора эди.
Чўлпон муҳаррирликдан кейин ҳам маълум вақт Бухорода қолади ва адабий - маданий жараёнларда иштирок этади.
Абдулҳамид Чўлпоннинг айрим шеърлари унинг 1922 йил май ойида ҳам Бухорода бўлганлигини исботлайди. Негаки, “Барг”; “Эркинлик истаги” шеърлари остига “Бухоро, 1922 йил” деб имзо чекилган.
Унинг Бухорога навбатдаги сафари 1923 йил 28 апрель - 8 май кунларига тўғри келади. Сафардан кўзланган мақсад “Нашри маориф” жамиятининг Бухоро бўлимини тузиш эди.
Адабиётшунос Наим Каримовнинг ёзишича, 1928 йил 18 май санасида ҳам Чўлпон драма труппа таркибида гастрол сафари билан Бухорода бўлган.
Амонгелди АҲМАТОВ,
Бухоро давлат университети ўқитувчиси, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD).
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг