Чўл ва кўл ҳудудларида экотуристик имкониятларни яратишда илмий ёндашув зарур

17:33 10 Март 2022 Жамият
810 0

Фото: «Халқ сўзи»

Жиззах вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси томонидан чўл ва кўл ҳудудларининг иқлимига мос бўлган дарахт ва буталар экиш бўйича илмий ёндашув ва бунда хориж тажрибаларидан фойдаланиш мавзусида ўқув-семинар ташкил этилди.

 — Бугунги семинарда Жиззах вилоятидаги чўлланган, шўрланган ерлар, кўл ва унинг атрофидаги ҳудудлар иқлимига мос дарахт, бута, саксовул ҳамда янтоқ ўсимликларини парвариш қилишнинг илмий асослари, уларни амалиётга татбиқ этиш масалаларида соҳа мутахассислари, олим ва тадқиқотчилар билан маслаҳатлашиб олдик, — дейди биология фанлари доктори, профессор Умарқул Раҳмонқулов. – Галдаги вазифамиз уларни парваришлаб кўпайтириш, янги навларини яратиш ва ортиқчасидан чорвачилик учун витаминларга бой озуқабоп маҳсулотлар тайёрлашдан иборат.

Семинарда Президентимизнинг шу йил 22 февралдаги «Айдар-Арнасой кўллар тизими бошқарувини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ мазкур кўллар атрофидаги экологик вазиятни яхшилаш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини амалга ошириш, биологик хилма-хилликни сақлаш баробарида бу ерларда экотуризмни ривожлантириш, инвестициялар киритиш, туристик дам олиш зоналарини барпо этиш масалаларида илмий ёндашилган, самарали таклифларни илгари суриш юзасидан фикрлашибди.

Шунингдек, Айдар-Арнасой кўллар тизимида ҳали юзлаб гектар майдон ижарага берилмагани, балиқ овлаш кўрсаткичлари йилдан-йилга камайиб, бу борадаги кўрсаткичлар пасайиб кетаётгани, ноқонуний балиқ овлаш ҳолатлари ҳали ҳам мавжудлиги, эко, агро ва бошқа туризм турларини ривожлантириш учун етарли муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси ташкил этилмагани борасида танқидий мулоҳазалар билдирилди.

Ўқув-семинарда Айдар-Арнасой кўллар тизими экотизимини сақлаб қолиш мақсадида ҳудуднинг иқлим шароитга мос бўлган дарахт турларини танлаш, бу борада илғор хориж тажрибаларини ўрганиш бўйича олиб борилаётган ишларга алоҳида урғу берилди.

Толибжон ЭРГАШEВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер