Чироқчида чинни чойнак-пиёлалар ишлаб чиқарилмоқда
Чироқчи тумани саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш борасида катта салоҳиятга эга бўлсада, кўпроқ аграр соҳага ихтисослашиб қолган эди. Сўнгги йилларда туманда хомашё етиштириш билан бир қаторда, ишлаб чиқариш саноати ҳам жадал ривожланиб боряпти. Буни ҳар йили саноат соҳасида ўнлаб янги-янги лойиҳалар амалга оширилаётганида ҳам кўриш мумкин.
Яқинда “Анҳор усти” оилавий корхонаси раҳбари Собир Хоналиевнинг ташаббуси билан туманда яна бир янги лойиҳа – чинни буюмлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Ташаббускор томонидан сарфланган 1 миллиард 200 миллион сўм сармоя эвазига барпо этилган корхонада йилига 50 минг дона чинни буюмлар ишлаб чиқариш имконияти мавжуд.

— Юртимизда тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилаётган юксак эътибор ушбу лойиҳани рўёбга чиқаришимизга замин ҳозирлади, — дейди тадбиркор. — Шундай ташаббус билан туман ҳокимлигига мурожаат қилганимизда, ишлаб чиқариш мажмуасини қуриш учун туманнинг Мустақиллик маҳалласи ҳудудидаги кичик саноат зонасидан ер майдони ажратиб берди. Натижада бу ерда ўз корхонамизни бунёд этиб, ишлаб чиқаришни бошлаб юбордик.
Айни пайтда корхонада чойнак, пиёла, коса ва ликопча каби 4 турдаги чинни буюмлар ишлаб чиқарилмоқда. Бу фаолият ортидан эса ҳудуддаги 10 нафар фуқаронинг доимий иш билан бандлиги таъминланган.
Тадбиркорнинг айтишича, тез орада корхонада ишлаб чиқарилаётган маҳсулот тури ҳам, ишчилар сони ҳам янада ошади.

— Ҳозир ишлаб чиқараётган маҳсулотимизни ички бозорга етказиб беришни бошладик, — дейди Собир Хоналиев. — Маҳсулотларимиз ўзининг сифати ва нархи билан харидорларга манзур бўлмоқда. Бу эса бизни фаолиятни янада кенгайтиришга ундаяпти. Ҳозир 4 турдаги чинни буюмлар ишлаб чиқараётган бўлсак, иккинчи босқичда маҳсулот тури 8 тага кўпаяди. Кейинчалик иш кўлами янада кенгайиб, Чироқчи чинни буюмлари юртимиз ва хориж бозорларида ўз нуфузига эга бўлади.
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг