Чироқчида бир оиланинг беш нафар аъзосида коронавирус аниқланди

22:42 06 Апрель 2020 Жамият
1416 0

архив фото

Чироқчилик 14 ёшли беморнинг яна бир опаси ва укасида ҳам касаллик аниқланди. Бу ҳақда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати хабар бермоқда.

Айни пайтда вилоятда коронавирус инфекцияси қайд этилган беморлар 6 нафарга етган. Улар вилоят юқумли касалликлар шифохонасида даволанмоқда. Беморларнинг аҳволи ўрта оғир даражада.

Вилоятда дастлаб чироқчилик 14 ёшли ўсмир мазкур инфекцияни пойтахтда яшайдиган қариндошидан юқтириб олганди. Сўнг унинг 36 ёшли отаси ва 16 ёшли опасида ҳам хасталик аниқланди ва улар яшаган қишлоқ карантинга олинди.

Маълум бўлишича, кейинги икки бемор ҳам 14 ёшли беморнинг 17 ёшли опаси ва 8 ёшли укаси. 56 ёшли олтинчи бемор эса Чироқчи туманининг бошқа қишлоғидан, у Тошкентдаги фирмада ишлаган.

Аниқланишича, вилоятда дастлаб 4872 нафар фуқаро карантинга олинган бўлиб, уларнинг 3338 нафари эпидемиологик вазият барқарор бўлмаган давлатлардан келган. 125 нафари эса хорижлик фуқаролар бўлган. 437 нафар фуқаро карантин муддатини ўтаб соғломлиги аниқлангач, яшаш манзилига жўнатилган.

Вилоят бўйича 1765 нафар фуқаро коронавирусга шубха қилиниб, уй шароитидаги карантинга олинган. 328 нафар фуқаро стационар шароитда карантинда сақланмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусга аниқланганлар 397 нафарни ташкил этмоқда. Шу кунгача 30 нафар бемор бутунлай соғайди. Икки киши вафот этди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер