Чирчиқда “ҳуқуқий билимлар куни” ўтказилди

23:01 12 Октябр 2019 Жамият
2332 0

Чирчиқ шаҳридаги “Истироҳат боғи”да Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Давлат хизматлари агентлиги, Адвокатлар палатаси, Ўзбекистон савдо-саноат палатаси,Бандликка кўмаклашиш маркази, вилоятдаги таълим ва маданият муассасалари шунингдек нодавлат ташкилотлар ҳамкорлигида “Ҳуқуқий билимлар куни” оммавий тадбири ўтказилди.

Унда талаба ва ўқувчи ёшлар, уларнинг ота-оналари ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Мазкур тадбирда аҳолининг нотариал ва давлат хизматлари идораларига, интеллектуал мулкка, сайлов ҳуқуқига, тадбиркорликка оид муаммоларини бартараф этиш юзасидан тегишли ҳуқуқий маслаҳатлар берилди. Давлат хизматлари агентлигининг сайёр қабули ташкил этилди.

— Адлия вазирлиги томонидан ўтказилаётган “Ҳуқуқий билимлар куни”да жамоамиз аъзолари аҳолига сайёр мобиль хизматларни кўрсатмоқда,-дейди Чирчиқ шаҳар давлат хизматлари маркази директори Санжар Имомалиев.— Шаҳар аҳолиси вакиллари турли хил хизматлар билан мурожаат этишмоқда. Тадбиркорлик субъектлари рўйхатдан ўтказилиб, уларнинг кейинги фаолиятлари юзасидан ҳуқуқий маслаҳатлар берилмоқда. Корхона ва ташкилотлар ишчи хизматчилари учун ходимларимизнинг хизмат вақтлари кечки соат 18:00 дан 20:00 гача узайтирилди. Бу шаҳар аҳолисига бир қатор қулайликлар яратмоқда. Булардан ташқари кекса ва имконияти чегараланган фуқаролар учун жойларга бориб хизмат кўрсатиш йўлга қўйилган.

— Мен душанба-жума кунлари ишдан ажралиб чиқолмайман,-дейди шаҳарнинг 8-микрорайонида истиқомат қилувчи Наврўза Собирова. — Шу боис, МТМга боламни жойлаштириш учун тегишли ҳужжатларни расмийлаштиришга қийналаётгандим. Бугунги сайёр қабулда бу муаммо ҳал бўлди, жуда миннатдорман!

Ушбу тадбирда ёшлар ўртасида “Ҳуқуқ билимдонлари”, “Сайлов билимдони” каби қизиқарли тест - танлови ўтказилди.

“Maxam-Chirchiq” АЖ, “Uztex group” қўшма корхонаси вакиллари аҳоли бандлигига кўмаклашиш учун бўш иш ўринларига ташриф қоғозлари тарқатишди.

Республика “Istiqbolli avlod” ижтимоий - ахборот маркази вакиллари “Одам савдосини тўхтатамиз” шиори остида ҳуқуқий маслаҳатлар ва кўргазмали плакатлар билан иштирок этишди.

Ёшларда ватанпарварлик руҳиятини шакллантириш, ота-онага, оилага, маҳаллага, муқаддас юртга севги ва садоқатни тараннум этувчи куй-қўшиқлар тадбир иштирокчилари ва меҳмонларда катта таассурот қолдирди.

Шодиёр Мутаҳаров
(Халқ сўзи)

 

 

 

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер