Чиноздаги корхонада жиддий қонунбузарликлар аниқланди

17:42 06 Апрель 2026 Жамият
391 0

Иллюстратив фото

Тошкент вилояти Чиноз туманидаги корхонада жиддий қонунбузарликлар аниқланди. Бу ҳақда Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида назорат инспекцияси хабар берди.

Маълум қилинишича, Тошкент вилоятида Назорат инспекцияси томонидан навбатдаги давлат назорати текшируви ўтказилган. Назорат тадбири Чиноз туманида фаолият юритаётган «Ч.И.И.» МЧЖда амалга оширилиб, текширув давомида бир қатор қонунбузарликлар аниқланган.

Хусусан, «Сопол ғишт ва тошлар. Техникавий шартлар» меъёрий ҳужжати талабларига амал қилинмагани маълум бўлди. Корхонада маҳсулотларнинг шакли ва ўлчамлари назорат қилинмаган, ташқи кўриниши текширилмаган ҳамда техник тавсифлари аниқланмаган. Шунингдек, хом ашё ва материаллар кириш назоратидан ўтказилмаган, маҳсулотлар тамғаланмаган ва техник назоратдан ўтказилмасдан қабул қилинган.

Бундан ташқари, ишлаб чиқариш жараёнида фойдаланилган ўлчаш воситалари давлат метрологик текширувидан ўтказилмагани ҳамда муҳим кўрсаткичлар бўйича даврий синовлар амалга оширилмагани аниқланган.

Текширув натижаларига кўра, корхонада меъёрий ҳужжатлар талабларига риоя этилмаган бошқа камчиликлар ҳам мавжудлиги қайд этилди. Бу ҳолатлар орқали Ўзбекистон Республикасининг «Метрология тўғрисида»ги қонуни талаблари бузилгани маълум бўлди.

Билдирилишича, ҳозирда аниқланган ҳуқуқбузарликлар юзасидан корхонанинг мансабдор шахсига нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, иш материаллари белгиланган тартибда суд органларига юборилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер