Чиннинг чинни буюмлари азалдан ҳамкорлик алоқалари рамзига айланган

12:25 23 Январь 2024 Жамият
433 0

Буюк ипак йўли ёқасида жойлашган Самарқанд, Бухоро, Хива шаҳарлари азал-азалдан савдо карвонлари қўним топадиган, бозорлари гавжум гўшалардан саналади. Улар турли давлатлару ўлкалардан, жумладан, Хитойдан келиб савдо-сотиқ билан шуғулланадиган тижорат аҳлини оҳанрабодек ўзига тортган. Бунга манғитлар сулоласининг сўнгги ҳукмдорлари томонидан барпо этилган Ситораи Мохи Хосса саройидаги чойхонанинг “Хитой уйи” деб ҳам аталиши далил бўла олади.

— Сарой расмий қабулларга мўлжалланган бош қароргоҳининг сўнгги хонаси “чойхона” деб номланади, — дейди Ситораи Моҳи Хосса халқ амалий безак санъати музейи катта илмий ходими Наргиза Жумаева. — Чойхона саройдаги энг ёруғ, шинам ва салқин хона саналган. Чунки унинг уч томон деворлари ўрнига икки табақали ойналар билан, бир томон девори эса токчабанди қилиб ишланган. Чет давлатлардан келган ҳурматли меҳмонларга чой узатилиб, ўзбекона меҳмонннавозлик кўрсатилган. “Хитой уйи” деб ҳам аталиши сабабини эса бу ердаги чинни буюмлар коллекциясининг асосий қисми Чин юртидан келтирилгани билан изоҳлаш мумкин. Музейда хитойлик ҳунармандлар меҳнати маҳсули саналган гулдон, гултувак, қанддон, офтоба, чилим, коса, шокоса, лаган, қирғоғи баланд ликоб каби 160 тага яқин қадимий чинни буюмлар сақланмоқда.

Улар Ғулжа, Қашқар ва Хитойнинг марказий провинцияларидаги ҳунармандлар томонидан тайёрланган. Буюмларда Ўрта Осиё халқлари дидига мос анъанавий ислимий, ўсимликсимон нақшлар бирга рамзий маъноли нақшлардан — табиат манзаралари, шаҳар қўрғонлари, одамлар, паррандалар, шерлар, хитойча ашёлар тасвирланган буюмлар ҳам бор. Бу ёдгорликларда найлар, мевалар, иероглифлик қоғоз ўрамлари, китоблар тасвирланган.

Ҳар бир тасвир, гул, нақш, предмет, манзара ўзига хос маъно ва мазмунга эга. Чунончи, тўпламдаги буюмларда тез-тез учрайдиган кўршапалак — бойликни, узоқ умрни, от-олов рамзи, ит — садоқатни, шафтоли — саломатликни, нилуфар — бахтни англатади. Кўк, сариқ ва яшил ранглардаги идишлар ҳар доим эъзозда бўлган.

— Икки халқ ўртасидаги азалий дўстлик бугунги кунда ҳамкорлик ришталарини мустаҳкамлашда ўзига хос кўприк воситасини ўтамоқда, — дейди Бухоро давлат университети ўқитувчиси, иқтисод фанлари номзоди, доцент Маҳмуд Орипов. — Биргина вилоятимизда айни пайтда хитойлик сармоядорлар иштирокидаги 34 та корхона фаолият юритмоқда. Вилоят билан Чин юрти ўртасидаги савдо айланмаси эса салкам 27 фоизни ташкил этмоқда. Яқин истиқболда бу ҳамкорлик янги босқичга кўтарилишига шак-шубҳа йўқ.

Юртимиз музейларида кўз қорачиғидек асраб келинаётган Хитойнинг 400 йиллик тарихга эга ноёб чинни буюмларига келсак, назаримизда, улар аллақачон халқларимиз ўртасидаги дўстлик рамзига айланган. Буюк ипак йўлининг тимсоли бўлиб турган бу каби осори атиқалар етти иқлимдан келаётган сайёҳларни ҳам ўзига мафтун этмоқда. Булар замирида шарқона меҳру муҳаббат, ҳурмат-эҳтиром ётган бўлса не ажаб.

Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер