Чекка овул фуқаролар манфаати ҳам давлат ҳимоясида
Ҳасан ПАЙДОЕВ - “Халқ сўзи”
Бугун мамлакатимиздаги янгиланишлар ҳудуд танламайди. Энг чекка овулдаги фуқаро манфаати ҳам давлат ҳимоясида. Навоий вилоятининг Конимех тумани томон йўли тушган кишининг буни илғамай иложи йўқ.
Иккинчи сектор ҳудудидаги учта маҳалла фуқаролар йиғинида 1391 та хонадон бўлиб, улардаги 1695 та оилада 6111 нафар аҳоли истиқомат қилади. Сектор ишчи гуруҳлари томонидан уйма-уй юриш давомида 424 та хонадоннинг табиий газ, электр энергияси, сув, ички йўллар, соғлиқни сақлаш, кредит, бандлик, уй-жой таъмири билан боғлиқ муаммо борлиги аниқланиб, тегишли ташкилотлар билан уларни бартараф этиш чоралари белгиланди.

Натижада “Шўртепа” ва “Юксалиш” МФЙларда 1.2 км. ички йўлларга қум-шағал ётқизилди, кўприк таъмирлаб берилди. Бешта трансформатор таъмирланиб, 12 та симёғоч янгисига алмаштирилди. Туман марказидан 85-90 км. узоқликдаги “Саржал” ОФЙда эса 30 км. ички йўллар таъмирланди, иккита замонавий автобекат қурилди ва марказий кўчаларга тунги ёритиш чироқлари ўрнатилди. Ичимлик сув қувурлари янгиланиб, сув чиқариш насоси қуввати оширилди.
Яна бир муҳим жиҳат: ҳар бир ҳудуднинг табиий ва меҳнат ресурслари ишга солиниб, одамларни иш билан таъминлаш, даромад олиб, фаровонлигини ошириш йўлида ҳар бир имкониятдан унумли фойдаланилмоқда.
Мисол учун, туманнинг “Шўртепа” МФЙ, “Хамид Олимжон” массиви ҳудудидан “Riverstone Powders” МЧЖига асос солиниши мармар чиқиндиларидан 60 минг тонна асфальт бетон қоришмаси — МП-1 минерал кукуни ишлаб чиқариш имконини ва йигирмата янги иш ўрни яратиш имконини берди.

Туман прокурори, 2-сектор раҳбари кўмаги билан мазкур лойиҳа учун тадбиркорга 2,100 миллион сўм банк кредити ҳамда 1,1 гектар ер майдони ажратилишга кўмаклашилди. Шунингдек, Конимех туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш Дастури доирасида “Shojon Tuz Group” хусусий корхонаси томонидан тумандаги яна бир хом ашё — тузни қайта ишлаш ва қадоқлашни ташкил этиш лойиҳаси амалга оширилди. Корхона техник туздан ташқари йодланган ош тузи, суюқ (селекцион) туз ҳамда таблетка кўринишдаги туз маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган бўлиб, бир ойлик қуввати 5 минг — 7 минг тоннани ташкил этади.
Лойиҳани амалга ошириш учун 5,0 га. ер майдони ажратилиб, банк филиали томонидан 618,0 минг АҚШ доллари ва 1,2 млрд. сўм миқдорида кредит маблағлари йўналтирилди. Туркия давлатидан тузни қайта ишлаш ва қадоқлаш асбоб-ускуналари келтирилиб, қурилиш-монтаж ишлари амалга оширилди. Ушбу лойиҳани амалга оширишида иккинчи сектор раҳбари томонидан банк кредитларининг ўз вақтида чиқарилиши назоратга олиниб, корхонанинг электр энергияси, газ ва ичимлик суви таъминоти уланишида амалий ёрдам кўрсатилди.

Бу ҳали ҳаммаси эмас. “Наъмунали қишлоқ” лойиҳаси асосида сектор ҳудудидаги Шодибек қишлоғи танлаб олиниб, “Конимех томорқа хизмати” МЧЖ ҳисобидан Эрон давлатидан 8 тонна саримсоқ пиёз олиб келинди ҳамда аҳоли хонадонидаги томорқалар, қўшимча деҳқон хўжалигидаги томорқа ер эгалари ва тумандаги фермер хўжаликларига тарқатилди.
— Сектор ҳудудида 368 оила “Темир дафтар”га киритилган, — дейди туман прокурори 2-сектор раҳбари Р. Рўзиев. — Ушбу оилаларнинг бандлигини таъминлаш ва доимий даромад манбаига эга қилиш мақсадида “Саховат ва кўмак” жамғармаси ҳисобидан 254 та оилага 236 млн. сўмдан ортиқ бир марталик маблағлар тарқатилди. Шунингдек, рўйхатга киритилган оилаларга 53,2 млн. сўмлик асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари берилди. Икки оилага қорамол, тўрт хонадон соҳибларига майда шохли моллар, 26 та оилага 12 гектар ер майдони ажратилди. Олтита оилага иссиқхона қуриб, қудуқлар ўрнатиб берилди. Бундан ташқари, дафтардаги 8 та оилага асалари ва қутилари олиб етказиб берилган бўлса, 32 тасининг парранда олиши таъминланди.
Бундай мисоллар жуда кўп. Олиб борилган ишлар натижасида 365 оила, яъни рўйхатга олинганларнинг 99,2 фоизи “темир дафтар”дан чиқарилди.

Сектор ҳудудидаги “ёшлар дафтари”га киритилган ишсизларнинг бандлиги тўлиқ таъминланди. Ушбу дафтарга киритилган ногиронлиги бўлган шахслар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилиб, саломатликларини тиклаши учун ёрдам кўрсатилди.
Яна бир йўналиш, бу — “Аёллар дафтари” билан боғлиқ ишлар. Ушбу дафтарга киритилган 142 нафар хотин-қизнинг муаммолари ҳам чуқур ўрганилди. Улардан 11 нафари ўзини-ўзи банд этиш, 21 нафарининг кредит олиб бериш орқали, 32 нафарининг эса доимий ишга жойлаштириш йўли билан ижтимоий бандлиги таъминланди. Яна кўплаб аёллар касб-ҳунарга, тикувчилик йўналишларида ўқитилди. Ўн нафар хотин-қизга имтиёзли кредитлар ажратилишига кўмаклашилди.
Саломатлигида муаммоси бор бўлган 45 нафар хотин-қиз тиббий кўрикдан ўтказилиб, заруратга қараб дори-дармон олиб берилди, стационар ҳамда амбулатор даволаниши таъминланди. Уч нафарига вилоят кўп тармоқли тиббиёт бирлашмасида даволаниши учун ордер берилди.

Умуман олганда, иккинчи сектор фаолияти шу кунга қадар 368 оила, 172 нафар йигит-қиз ва 142 нафар ижтимоий ночор аҳволга тушиб қолган аёл ҳаётига дахл этиб, улар қалбида ҳаётдан розилик, эртанги кунга ишонч муждаларини уйғотмоқда. Муҳими, ушбу одамлар бугунги кунда уларнинг манфаатларини таъминловчи, ҳимоя қилувчи, кўмакловчи давлат борлигини ҳис этмоқдалар.
Темур ЭШБОЕВ
“Халқ сўзи”
Ҳасан ПАЙДОЕВ олган суратлар.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг