Чегара қўшинлари взводининг ҳарбий шаҳарчаси фойдаланишга топширилди
Хоразм вилоятининг Ҳазорасп туманида чегара қўшинлари взводининг ҳарбий шаҳарчаси қуриб фойдаланишга топширилиши муносабати билан ҳарбий хизматчилар, фахрийлар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида тадбир бўлиб ўтди.
Унда вилоят ҳокими, ҳарбий-маъмурий сектор раҳбари Жўрабек Раҳимов иштирок этиб, йиғилганларни янги замонавий ҳарбий шаҳарчанинг очилиши билан самимий қутлади. Ушбу ҳарбий шаҳарча қурилиши учун 1,2 гектар ер майдони ажратилиб, вилоят ҳарбий-маъмурий сектори томонидан 23 млрд. сўмдан ортиқ маблағ сарфланди. Шаҳарчада взвод биноси, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари учун 27 та хонадонга мўлжалланган турар жой, автомобиллар учун майдонча, хизмат итлари учун волер, болалар ўйингоҳи, спорт майдончалари, тикувчилик ва қандолатчилик цехлари бунёд этилган.

— Шаҳарчада барпо этилган барча қулайликларга эга замонавий хизмат уйига оиламиз билан кўчиб ўтдик, — дейди кичик сержант Азизбек Эржонов. — Чегарачиларнинг турмуш ўртоқларининг бандлигини таъминлаш мақсадида ҳудудда тикувчилик ва ширинликлар тайёрлаш цехларининг ташкил этилгани ҳам айни муддао бўлди. Бундан ташқари фарзандларимиз учун болалар ва спорт майдончалари, яшил ҳудудлар барпо этилган.
Ҳарбий хизматчиларнинг уй-жой шароитларини яхшилаш, касбий малакаларини ошириш мақсадида барпо этилган ушбу бино ва иншоотлар Ватанимиз сарҳадлари, юртимиз тинчлиги ва халқимиз осойишталигини кўз қорачиғидек сақлашдек шарафли вазифани сидқидилдан бажариб келаётган чегарамиз посбонларининг хизмат вазифаларини аъло даражада бажаришларига хизмат қилади.
Одилбек ОДАМБОЕВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг