Чақириққача ҳарбий таълим ўқитувчилари бошқа иш қидирсинми?

14:52 17 Август 2020 Жамият
1877 0

«Устоз-муаллимсиз қолганда замон, нодонликдан қаро бўларди замон». Буюк Абдураҳмон Жомийнинг ушбу мисралари устозлик қанчалик муҳим касб эканини мудом эслатиб туради.

Мактабда ўқиган давримизда ҳарбий таълимдан дарс ўтадиган устозимизга ўзгача ҳурмат билан қарар, унга ҳавас қилар эдик. «Келажакда мен хам устозимдай ҳарбий бўламан» дейдиган ёшлар жуда кўп бўларди. Ўзим ҳам ҳарбий соҳада ишлаб кўрганим боис, бу соҳа тарбиялаган инсонларда ватанпарварлик, интизом ва касбига садоқат қанчалик юқори бўлишининг гувоҳи бўлганман.

Маълумки, кейинги йилларда таълим соҳасига давлатимиз ва ҳукуматимиз томонидан ҳар томонлама эътибор қаратилмоқда. Аммо ҳозирги кунда жойлардаги учрашувлар давомида чақириққача ҳарбий таълим ўқитувчиларининг ўзига хос муаммолари ҳам йўқ эмаслиги маълум бўлмоқда. Муаммо эса ойлик иш ҳақига бориб тақалади.

Хабаримиз бор, коллеж тизими тугатилиб, мазкур фан умумий ўрта таълим мактабларига мактаб директорининг ватанпарварлик руҳида ёшларни тайёрлаш бўйича ўринбосари лавозимига ўтказилди. Ўз-ўзидан савол туғилади: мактаб директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосаридан уларнинг нимаси кам?.. Иккита ўринбосар, аммо икки хил ойлик иш ҳақи.

Ўринбосар лавозими бўлганлиги боис ҳатто синф раҳбарлиги ва директор фонди устамаларидан ҳам маҳрум эканликлари Халқ таълими вазирлиги мутасаддиларининг ўйлаб кўришлари долзарб бўлган муаммо эканлигидан далолат бермоқда. Бу масала аслида унча мураккаб эмас, тартиб-қоида бўйича муаммони ҳал этиш мумкин. Мактаб директорларининг яқин кўмакчиси бўлган мазкур фан ўқитувчилари бошқа иш излаб сарсон юрмасалар яхши бўларди.

Дилбар Мамаджанова,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер