«Чанглар босилдими?» «Насаф»нинг сўконғич ходими яна ишга қайтди
Видеодан кадр
2025 йил 6 июль куни Ўзбекистон Суперлигасининг 15-тури доирасида Самарқанднинг «Динамо» клуби Қарши шарафини ҳимоя қилувчи «Насаф» жамоасини қабул қилган эди. Ушбу баҳс 2:2 ҳисобдадаги дуранг билан якунланганди.
Ўйиндан сўнг «Насаф» жамоаси матбуот хизмати ходими, клуб расмийси Сарвар Бобоназаров ўзининг Х ижтимоий тармоғидаги (ўша вақтда 3672 обуначига эга) саҳифасида Самарқанддаги ўйинда VAR техникаси ишламагани важи билан вилоят жамоаси, фан-клуби, айниқса, самарқандликларни таҳқирлаб, бўралаб сўкди. Шунингдек, у баъзи ҳолларда «Андижон» клуби ва вилоят аҳолисини ҳам ҳақоратли сўзлар билан тилга олган.

Мазкур ҳолат юзасидан «Динамо» клуби матбуот хизмати муносабат билдирди. Унда «Динамо» ПФК Қаршининг «Насаф» жамоаси матбуот хизмати ходими, клуб расмийси Сарвар Бобоназаровнинг ижтимоий тармоқлар орқали рақиб жамоа ва бутун вилоят шаънига билдирган ҳақоратли фикрлари бўйича «Насаф» ПФКдан расмий тушунтириш сўраши маълум қилинган.
Бундан ташқари, «Андижон» клуби ҳам бу ҳолат бўйича Қарши жамоаси раҳбариятидан расмий муносабат сўради.

«Насаф» эса бунга жавобан ушбу воқеа юзасидан танқидий йиғилиш ўтказилиб, тушунтириш ишлари олиб борилгани ва одоб-ахлоқ қоидаларини қўпол равишда бузгани сабабли Сарвар Бобоназаров билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинганини билдирганди (https://t.me/fcnasaf/58544 — бу пост клубнинг Telegram каналидан ўчириб юборилди, аммо таҳририятимизда баёнот матни мавжуд).
«Насаф» футбол клуби ҳар доим барча ўзбек клубларига, шу жумладан Самарқанд ва Андижон жамоалари вакиллари ва мухлисларига нисбатан чуқур ҳурмат ва дўстона муносабатда бўлиб келган ҳамда бу тамойилга қатъий амал қилишда давом этади. Юзага келган ноқулай вазият учун жамоатчиликдан узр сўраймиз», дейилганди муносабатда.
Аммо мазкур воқеалар бўйича матбуот ходимининг чиқишларига нисбатан ҳуқуқий таъсир чораси кўрилгани ҳақида маълумот топилмади.
Орадан роппа-роса 7 ойу 19 кун ўтиб, бугун, 26 февраль куни «Насаф» футбол клубининг тилига эрк берган, оғзи шалоқлиги ва ёмон хулқлилиги билан кенг жамоатчиликнинг эътирозли муҳокамаларига сабаб бўлган Сарвар Бобоназаров яна мансаб курсисига қайтди. У клуб расмий саҳифасида жамоа конференциялар зали ҳақидаги реклама видео постида кўриниш берди. Шунда у «вақтинчалик ишдан бўшатилганмиди?».

Унинг бу чиқишига аниқлик киритиш мақсадида мазкур реклама эълонига бириктирилган телефон рақамига боғландик. Клубнинг маркетинг бўлими ходими сўровимизга «Бизда ходим сифатида иш фаолиятларини давом эттирмоқдалар», дея жавоб берди.

Расмий ходим сифатида Ўзбекистоннинг икки вилояти аҳолисини оғзига келган энг қўпол сўзлар билан ҳақоратлашдан таб-тортмаган, мамлакатимизнинг профессионал футбол клублари ҳамда мухлислари шаъни ва қадр қимматини ерга топтаган ушбу шахс пинжида қолиб кетган сўкиниш сўзлари билан бошқа жамоаларни ҳам ҳақоратлаш учун қайтиб келдими?
Қайд этиш жоиз, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-моддасига кўра, ҳақорат қилиш, яъни шахснинг шаъни ва қадр-қимматини қасддан камситиш базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан қирқ бараваригача (7,5 млн сўмдан 15 млн сўмгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
«Халқ сўзи»
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг