Буюк келажакни бирга қурамиз
Саминжон ҲУСАНОВ/«Халқ сўзи». Андижон вилоятининг юзга яқин маҳаллаларида ана шу шиор остидаги дўстлик байрамлари бўлиб ўтди. Ўндан зиёд миллат вакиллари истиқомат қилувчи бу манзилларда дўстлик ва миллатлараро бирдамлик оҳанглари янгради. Меҳр-оқибат, аҳиллик, ҳамжиҳатликни тарғиб қилувчи тадбирларда ҳар бир миллатнинг урф-одати, анъаналари, тарихи ва маданияти ўз ифодасини топди. Дошқозонда қайнаган сумалагу дамланган палов баҳона бир дастурхон атрофида жамланган ҳамюртларимизнинг кўнглида ҳам, тилида ҳам тинчлик-тотувликка шукроналар билдирилди.
— Қўрғонтепа туманида бўлиб ўтган байрам тадбирлари ўзбек ва қирғиз миллатларига хос анъаналарга асосланди, — дейди вилоят Қирғиз миллий маданий маркази раҳбари Обиджон Носиров. — Айтиш жоиз, Андижон вилоятининг Хонобод, Қорасув шаҳарлари, Қўрғонтепа, Жалақудуқ, Хўжаобод, Булоқбоши ва Марҳамат туманларида қирғиз миллатига мансуб юртдошларимиз ўзбеклар билан бир оила аъзоларидек аҳил ва иноқликда истиқомат қилиб келмоқда. Миллий маданиятимизни, тарихимизни қадрлаш, кейинги авлодга мерос қолдириш мақсадида барча шароитлар яратилган. Жумладан, 1996 йилдан буён Қирғиз миллий маданий маркази фаолият олиб бормоқда. Вилоятдаги 21 та мактабда фарзандларимиз ўз она тилида сабоқ оляпти Андижон давлат педагогика институтида қирғиз тили филологияси ва адабиёти факультети ташкил этилган. Бир сўз билан айтганда, вилоятимизда кўплаб миллат вакиллари эмин-эркин яшаб, мамлакатимиз тараққиётига ўз ҳиссаларини қўшмоқда.

Хўжаобод туманидаги «Ипак йўли» маҳалласида 5 минг нафар аҳоли истиқомат қилади. Улар орасида ўзбек, қирғиз, тожик, татар миллатига мансуб ҳамюртларимиз ҳам бор.
— Гарчи, миллатим татар бўлсамда, ўзимни ўзбек халқининг вакили, деб биламан, — дейди меҳнат фахрийси Нурия Аҳророва. — Боиси, шу юртда туғилдим, камол топдим, билим олдим, узоқ йиллар давомида турли вазифаларда фаолият юритиб, ҳозирда кексалик гаштини сурмоқдаман. Мана шундай тинч-осуда маҳаллада меҳри дарё қўшниларим билан яшаётганимдан фахрланаман!

Беш юз минг нафардан зиёд ҳамюртларимизни бир масканда жамлаган байрам тадбирлари халқлар ўртасидаги дўстона муносабатларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг