Буюк Британияга хавфли инфекция аниқланди. У билан боғлиқ биринчи ўлим ҳолати ҳам қайд этилди

00:16 13 Февраль 2022 Дунё
1963 0

Фото: АР

Буюк Британия соғлиқни сақлаш агентлиги ("UKHSA") маълумотларига кўра, хавфли касаллик — Ласса иситмасидан биринчи ўлим ҳолати Англия шарқида қайд этилган.

9 февраль куни агентлик Ғарбий Африкага саёҳат қилган икки киши Ласса иситмаси билан зарарлангани эҳтимоли борлиги ҳақида хабар берган эди.

Кейинроқ, "UKHSA" Ласса иситмаси билан касалланиш тасдиқланганини ва у билан зарарланганлар уч нафарга етиб, беморлардан бири ҳаётдан кўз юмганини маълум қилди.

Аниқлик киритилишича, ўлим ҳолати Англия шарқидаги Бедфордшир графлигида қайд этилган. "Биз Ласса иситмаси учун ижобий натижа берган беморнинг ҳаётдан кўз юмганини тасдиқлаймиз", дейди Миллий соғлиқни сақлаш хизматининг Бедфордшир шаҳридаги вакили.

"UKHSA"нинг қўшимча қилишича, кенг жамоатчилик учун хавф жуда паст ва шифокорлар ҳозирда беморлар билан яқин алоқада бўлган шахслар билан боғланмоқда.

Ласса иситмаси — оғир кечиши, юқори ўлим даражаси, нафас олиш тизими, буйраклар, марказий асаб тизимининг шикастланиши, геморрагик синдром билан тавсифланган ўткир юқумли касаллик. Инфекциянинг асосий ташувчилари  каламушлар бўлиб, уни юқтирган одам ҳам инфекция манбаи бўлиши мумкин. Ҳозирда унга қарши бирорта вакцина яратилмаган. 

У илк бор Нигериянинг Ласса шаҳрида аниқлангани боис шундай номланган. Ласса иситмаси дунёда ўлим кўрсаткичи юқори бўлган касалликлар рўйхатига киритилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер