Буюк Британия Бош вазири мамлакатда мажбурий ҳарбий хизматни жорий этмоқчи
Фото: AP
Буюк Британияда ҳукмрон Консерватив партия 4 июлда бўлиб ўтадиган умумий сайловда ғалаба қозонса, 18 ёшга тўлганларни мажбурий ҳарбий хизматга чақирилиш тартибини жорий этмоқчи. Бу ҳақда амалдаги мамлакат Бош вазири Риши Сунак маълум қилган.
«Буюк Британияда имконияти чекланган ёшлар бор ва бу чора таҳликали дунёда уларни бирлаштиришга ёрдам беради», — дейди Сунак.
Бош вазирнинг режасига кўра, ёш британияликлар 12 ойлик хизматни тўлиқ ўташи ёки бир йил давомида ҳар ойнинг дам олиш куни ўзи яшайдиган ҳудудда кўнгилли тарзда хизмат қилиши мумкин.
Буюк Британия 1947-1960 йилларда миллий ҳарбий хизмат тартибига эга бўлиб, 17 ёшдан 21 ёшгача бўлган эркаклар 18 ой давомида қуролли кучларда хизмат қилган. Британия армияси 2010 йилдаги 100 минг кишилик таркибдан 2024 йил январига келиб деярли 73 минг нафарга қисқариб кетган.
Миллий хизмат дастурини ишлаб чиқиш учун ҳарбий ва фуқаролик жамияти мутахассисларидан иборат қироллик комиссияси тузилади. Армияга чақирув дастурнинг бир йиллик харажати 3,2 миллиард долларни ташкил этади.
Лейбористлар партияси таклиф қилинаётган тартибни «умидсиз» лойиҳа, деб атаган. Европанинг бир қанча давлатлари, жумладан, Швеция, Норвегия ва Дания аллақачон ўз қуролли кучлари учун мажбурий чақирувга эга.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг