Бурсада Алишер Навоий номидаги Ўзбек тили ва адабиёти университетининг маркази очилди

11:15 08 Февраль 2024 Жамият
575 0

Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети Туркиянинг кўплаб илмий муассасалари, таълим даргоҳлари билан яқиндан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатган бўлиб, бир неча йилдан буён Туркияда Ўзбек тили ва маданияти марказини ташкил этишни режалаштириб келаётган эди. Мазкур масала давлатимиз Президенти томонидан ҳам илгари сурилган, бу бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 21 октябрдаги “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқейини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5850-сон Фармонида, 2024 йил 12 январдаги “Хорижий давлатларда Ўзбекистон тарихи ва маданияти, ўзбек тили ва адабиётини ўрганишни кенг тарғиб қилиш орқали туристлар оқимини кўпайтириш ҳамда мамлакатимиз нуфузини янада оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-19-сонли Қарорида аниқ вазифалар белгилаб берилган. Ушбу вазифалар ижросини таъминлаш, миллий тилимиз ва адабиётимизда халқаро майдонда кенг тарғиб қилиш, Ўзбекистон тарихи, маданияти, адабиёти ва тилига қизиқувчи хорижлик тадқиқотчилар, кўнгиллилар учун имконият яратиш мақсадида хорижий давлатларда Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ташаббуси билан Алишер Навоий номидаги Ўзбек тили ва маданияти марказлари ташкил этилмоқда. Шу кунгача Хитой, Россия, Ҳиндистон Қирғизистон сингари давлатларда ана шундай марказлар очилиб, фаолияти йўлга қўйилди.

2024 йилнинг 8 февраль куни Туркиянинг қадимий Бурса шаҳридаги Улудағ университетида Алишер Навоий номидаги Ўзбек тили ва маданияти марказининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Марказнинг тантанали очилиш маросимида сўз олган Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ректори, академик Шуҳрат Сирожиддинов барча маросим иштирокчиларини тарихий воқеа билан қутлаб, ушбу марказ Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркия Жумҳурияти Президенти Режеб Тоййиб Эрдўған ташаббуси билан очилаётганини қайд этди. У шунингдек, яқин орада Ўзбекистонда ҳам Туркиянинг Юнус Эмро фонди ваколатхонаси очилиши кутилаётганини ҳам маълум қилди.

Очилиш маросимида ТУРКСОЙ бош котиби Султон Раев, Бурса Улудағ университети ректори Ферудун Йилмаз, Туркия Миллий таълим вазирининг ўринбосари Желиле Эрен Ўктен, Туркиядаги Ўзбекистон элчисининг сиёсий ишлар маслаҳатчиси Авазбек Ҳожиметов, бутун дунёдан йиғилган атоқли навоийшунос ва турколог олимлар, ёш тадқиқотчилар иштирок этди.

Бу марказ қадимий ва замонавий туркий тиллар, туркий халқлар адабиёти бўйича илмий тадқиқотлар олиб борувчи ёш олимлар, тарихчилар, этнографлар учун керакли зарурий манбалар билан таъминланади. Қолаверса, марказ икки университет ўртасида ўқитувчилар ва талабаларнинг ўзаро тажриба алмашинуви учун ҳам хизмат қилади. Шунингдек, бу ерда турк қардошларимиз, Туркия ёшлари Ўзбекистон ҳақида, унинг тарихи, бугуни ва эртаси хусусида кенг маълумот олишлари учун барча имкониятлар яратилади. Бир сўз билан айтганда, марказ рамзий маънода Алишер Навоий орзу қилган бирлашув ғоясининг амалдаги бир кўриниши бўлади, дейиш мумкин.

Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети томонидан ушбу марказга 200 дан ортиқ илмий, бадиий ва оммабоп китоблар, ўзбек миллий амалий санъат буюмлари, чолғу асбоблари совға қилинди.

Ушбу марказнинг ташкил этилиши икки давлат раҳбарларининг якдил ташаббуси билан амалга оширилди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 12 январдаги “Хорижий давлатларда Ўзбекистон тарихи ва маданияти, ўзбек тили ва адабиётини ўрганишни кенг тарғиб қилиш орқали туристлар оқимини кўпайтириш ҳамда мамлакатимиз нуфузини янада оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-19 сон Қарорида ҳам ушбу вазифа алоҳида қайд этилган.

Ушбу марказда бундан буён мунтазам равишда Ўзбекистон маданияти кунлари ўтилажаги, ўзбекистонлик олимларнинг маърузалари ташкил этилиши, ўзбек шоирлари, ёзувчилари, санъат вакилларининг учрашувлари ўтказилиши, шунингдек, Янги Ўзбекистоннинг бугуни ва истиқболи ҳақида турли маърузалар ташкил этилишига келишиб олинди. Марказ икки мамлакат ўртасидаги маданиятларни яқинлаштириш, таълим муассасаларининг ўзаро тажриба алмашишида ҳам муҳим ўрин тутиши ҳар икки мамлакат вакиллари томонидан таъкидланди ва бундай эзгу ташаббуслар маъқулланди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер