Бундай халқни енгиб бўлмайди

18:11 06 Май 2020 Жамият
2528 0

Архив сурат

Коронавирус пандемияси билан бошланган карантин ниҳоясига етмасдан юртимизда кутилмаганда эсган кучли шамол Бухоро ва унга ёндош вилоятларимизга катта талафот етказгани қалбларимизни анча хун қилган эди.

Аксига олиб, уларнинг оқибатлари билан курашаётган бир пайтимизда Сирдарё вилоятида Сардоба сув омбори билан боғлиқ фавқулодда вазият халқимиз иродасини яна бир синовдан ўтказди.

Тинч-осойишта яшаб турган гўшангизни бир зумда сув олса, ҳар қандай иродаси тобланган, ҳаётий тажриба орттирган одамлар ҳам эсанкириб қолиши аниқ. Эртанги тақдири, яшаш тарзи ва рўзғор ўтказиш ташвишини ўйлаб, катта изтиробга қолади.

Бироқ, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг воқеа жойига тезда етиб бориши ва барча талафотларнинг олдини олиш бўйича қатъий қарорлар ва режалар қабул қилганлари, халқнинг ичига кириб, уларга ҳамдард ва кўмакдош бўлишлари, давлатнинг барча идоралари-ю кучлари кўмак кўрсатиши ҳақидаги ишончлари жафокаш халқимизни оёққа қалқитди, руҳига улкан далда-кўмак бўлди.

Фалокат келтириб чиқарган сабаблар ва унинг зиён-зарари, жавобгарлар ва масъулиятсизлар ҳақида, албатта ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ўз хулосалари ва тегишли баҳосини бериши аниқ. Аммо мен ҳозир эътиборни бошқа бир жиҳатга қаратмоқчи эдим.

Миллатимиз бу оғир ва мураккаб кунларда аҳил ва бирдам бўлиб, чинакам миллат эканлигини яққол кўрсатди. Карантин боис айрим қийинчиликларга учраганига қарамай, буюк элимиз илдизларида ҳамиша яхшилик ва эзгулик қони оқишини исботлади.

Ёшу қари бошидан ушбу машаққатларни ўтказаётган ўз жигаргўша юртдошларига бир четда мум қотган томошабин бўлиб эмас, меҳр-мурувват ва саховат каби гўзал ҳис-туйғулари тўлиб-тошган, амалий ёрдамини аямасдан кўрсатаётган жонга жондош эл бўлиб тўлқин ҳосил қилишди. Бугун бу заминда умргузаронлик қилаётган кимки бор, ҳамма-ҳамма Сирдарё аҳлига ёрдам қўлини чўзишга тайёр. Барча бир тану бир жон бўлиб, қўлни-қўлга маҳкам бериб, узилмас темир занжир бўлиб турибди.

Кўчада қолган минг-минглаб фуқароларимиз бир кун ичида иссиқ бошпаналарга жойлаштирилди, уч маҳал овқат билан таъминланмоқда, мурувватли халқимиз оға-ини, қариндошлари қатори бегона қора кўзларини ҳам ўз иссиқ бағрига олди.

Имкони борича турли вилоятлардан озиқ-овқат маҳсулотлари, кийим-кечаклар, қурилиш материаллари, уй-рўзғор учун зарур бўлган анжомлари, болалар учун ўйинчоқлар карвонлари орқама-орқа келмоқда, турли миқдордаги пул ёрдамлари сирдарёликлар ҳисобига ўтказилмоқда.

Гап ёрдам-кўмакнинг катта ёки кичиклигида эмас, маънавий далда, бошига ташвиш тушган инсонга руҳий жиҳатдан рағбат, ғойибона меҳр-муҳаббат ҳисини кўрсатишда. Инқирозлар ва талафотлар даврида мустаҳкам ирода ва матонат билан бир-бирига дўстлик, ҳамжиҳатлик ва хайрихоҳликни ифода этишида.

Яратганнинг марҳамати билан яхшилик қилувчиларга бу дунёнинг ўзида ҳам яхшилик бор.

Бугунги осон бўлмаган вазият ўз изига-ўзанига тушаётгани, барча куч ва воситалар жалб этилиб, офат оқибатлари бартараф этилгани, ҳудудлар тозаланиб, инфратузилма объектлари тикланаётгани, аҳоли секин-аста ўз яшаш жойларига қайтаётгани бизни қувонтиради.

Муҳтарам Президентимиз тошқиндан жабр чеккан аҳоли вакиллари билан учрашар эканлар: “Бу ҳам бир кўргилик. Бир нарсани яхши билингларки, токи сизларнинг хонадонингизни саранжом қилиб, кўпларингизга янги уй қуриб бермагунимизча, мен энди тинчимайман. Бир ёмонликнинг бир яхшилиги ҳам бор. Яхшилиги – янги шаҳар, янги туман, янги кўча, обод қишлоқлар қурамиз”, деган қатъий даъватлари аҳолининг юз-кўзида катта мамнунликни порлатди.

Зеро, ўз Президентини севган эл, Президенти эса халқини суйган юрт ҳар қандай бало-ю қазони мардонавор енгиб ўтишга, ягона миллат сифатида жипс бўлишга қодир. Аждодлардан авлодларга безавол ўтиб келаётган, боқий биродарлик, меҳр-оқибат улуғвор инсоний фазилатларни ўз қалби бешигида ардоқлаб келаётган элни қўрқинчли коронавирус ҳам, шиддатли довуллар ҳам, сув тошқинлари ҳам ҳеч қачон енга олмайди.

Жаҳонгир САРИМСОҚОВ,

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси раиси.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер