Булунғурда 56 та кўп қаватли уйдан иборат «Янги Ўзбекистон»нинг массиви қурилмоқда
Фото: "Халқ сўзи"
Абдулазиз ЙЎЛДОШEВ/«Халқ сўзи». Бугунги кунда Самарқанд вилоятининг икки ҳудуди — Ургут туманининг Мерганча массивида 40 гектарга яқин ва Булунғур туманининг Ғўбдин массивида қарийб 24 гектар майдонда «Янги Ўзбекистон» массивлари қуриляпти.
Бу массивлар ҳудудида 50 тадан кам бўлмаган кўп хонадонли уйлар, ижтимоий соҳа, бозор ва маиший хизмат кўрсатиш объектлари қурилиб, дам олиш ва кўнгилочар майдонлар барпо этилади.
Хусусан, Булунғур туманининг Олмазор маҳалласи ҳудудидаги янги массивда 56 та кўп қаватли уй-жой, 990 ўринли 2 та мактаб, 120 ўринли 2 та мактабгача таълим ташкилоти, маҳалла биноси, оилавий поликлиника ва спорт майдончалари қурилиши белгиланган.
— «Янги Ўзбекистон» массивидаги кўп қаватли уйларнинг қурилиш ишлари 9 та пудратчи ташкилот томонидан олиб борилмоқда, — дейди туман ҳокимининг ўринбосари Норбўта Санақулов. — Массивдаги барча уй-жойларга марказлашган ичимлик суви, иссиқлик манбаи, табиий газ, электр ва оқова тармоқлари тортилмоқда. Ҳудудда марказлашган 1 та сув иншооти ва 1,2 километр ичимлик сув тармоғи тортиш ишлари бажарилади.
Ўтган йили 308 хонадонга мўлжалланган 14 та 5 қаватли уй фойдаланишга топширилиб, ҳудудда вақтинчалик 1 дона оқова сув иншооти қурилди. Ҳозирда яна битта оқова иншоотини қуриш ишлари олиб борилмоқда ва жорий йил якунига қадар 12,5 километр оқова сув тармоғи тортилади ва ҳудуддаги барча кўп қаватли уйлар оқова таъминотига уланади.
Айни пайтда массивдаги 32 та 5 қаватли уйларда қурилиш-монтаж ишлари олиб борилмоқда. Бу уйлар жорий йил якунига қадар фойдаланишга топширилади. 2025 йилда эса мактаб ва мактабгача таълим ташкилотлари, маҳалла маъмурий биноси, оилавий поликлиника ва спорт майдончаларида қурилиш ишлари тўлиқ тугатилиб, объектлар фойдаланишга топширилади.
Массивдаги уйлар аҳолига субсидия ва 20 йиллик ипотека кредити асосида берилмоқда. Бундан ташқари мазкур массивга туташ ҳудудларда кичик саноат зоналари ташкил этилади. Қайта ишлаш ва ишлаб чиқариш корхоналари ташкил этиш орқали 500 га яқин янги иш ўрни яратиш режалаштирилган.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг