Булоқбошида «Учкўча» тажрибаси оммалашмоқда
Фото: Халқ сўзи
Андижон вилоятида аҳолини уйдан чиқмаган ҳолда даромад топишга йўналтириш, яъни томорқачилик, чорвачилик, чеварчилик каби йўналишларда бандлигини таъминлаш борасида ўзига хос тажриба мактаби яратилди, десак муболаға бўлмайди. Бунда ҳар бир маҳалланинг ўзига хос шарт-шароити ва имкониятлари ҳисобга олинмоқда. Мисол учун, Булоқбоши туманидаги «Учкўча» МФЙда узумчилик ҳадисини олган соҳибкорлар истиқомат қилади. Уларнинг ҳовлисида етиштирилган узумларга ҳатто қўшни мамлакатлардан ҳам харидорлар бисёр.
— Маҳалламиздаги 480 та хонадоннинг ҳар бирида узум етиштирилади, — дейди МФЙ ҳоким ёрдамчиси Муҳаммадюсуф Акбаров. — Бир хонадонда 500 килограммдан 15 тоннагача ҳосил олинади. Ҳар бир оила узум етиштиришдан йилига ўртача 15-20 миллион сўм даромад топади. Кимлар учундир бу қўшимча даромад манбаи ҳисобланса, айримларнинг асосий фаолият турига айланган. Биз шу билангина чекланиб қолмадик. Мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланган ҳолда аҳоли даромадини янада оширишга киришдик. Бунинг учун кўчаларга сўритоклар, яъни ишком барпо этдик. Бу яна қўшимча маблағ топиш имконини бермоқда.
«Учкўча»даги бу тажриба туман бўйлаб кенг қулоч ёйган. Ҳозирда Булоқбошида мавжуд 11 та МФЙнинг 40 та кўчасида қарийб 10 километрдан зиёд узунликда ишкомлар ён-атрофга кўрк бағишлаб турибди.
Саминжон ҲУСАНОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг