Булоқбоши тумани саноати ривожланган ҳудудга айланади
Республикамизнинг чекка ҳудудларида ҳам ишлаб чиқариш корхоналарини ташкил этишга қаратилган эътибор туфайли янги иш ўринлари пайдо бўлмоқда. Хусусан, бир пайтлар қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришга ихтисослашган Булоқбоши туманида янгидан-янги саноат корхоналарини бунёд этишга киришилган. Айни пайтда бир қанча қурилиш объектларида бу борадаги ишлар кўлами ортиб бормоқда.
Жумладан, “Mundalin tex” МЧЖ ишлаб чиқариш жараёни учун туркиялик инвесторлар томонидан 2,2 млрд. сўм миқдоридаги инвестиция йўналтирилган. Лойиҳа амалга оширилгач, 100 нафар маҳаллий хотин-қизлар доимий иш жойига эга бўладилар.
“SHams global and manufacturing co LTD“ МЧЖ томонидан амалга оширилаётган қурилиш ишлари якунига етгач, 200 та янги иш ўрни яратилади. Бунинг учун 4 млрд. сўм миқдоридаги маблағ сарфланмоқда.
— “Buyuk Turon textile” МЧЖнинг ташкил топиши мен каби эҳтиёжманд оилалар бекаси учун айни муддао бўлди,-дейди уй бекаси Рохилахон Эгамбердиева. – Боиси, корхона ўз ишини бошлагач, тумандаги «Темир дафтар»га киритилган 100 та хонадонда истиқомат қилувчи опа-сингилларимиз ўз даромад манбаига эга бўладилар.
“Jumanyoz va Temur Sobirovlar” оилавий корхонаси ҳам туман иқтисодиёти юксалишига ҳисса қўшиш учун астойдил киришган. Корхона томонидан 2 млрд. сўм маблағ эвазига янги корхона қурилиши олиб борилмоқда. Унинг натижасида 200 нафар хотин-қизлар фаолияти йўлга қўйилади.
Бир сўз билан айтганда, келгусида Булоқбоши тумани ҳам саноати ривожланган ҳудудлардан бирига айланади. Бу ерда ишлаб чиқарилган сифатли ва бежирим кийим-кечаклар нафақат, ички бозорда, балки, хорижда ҳам ўз харидорига эга бўлиши кутилмоқда.
Саминжон ҲУСАНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг