Бухоронинг “Энг намунали маҳалла раиси” аниқланди

14:00 07 Март 2024 Жамият
478 0

Фото: "Халқ сўзи"

Истам Иброҳимов, “Халқ сўзи”. Хабарингиз бор, жорий йилдан бошлаб илк бор мамлакатимизда “Энг намунали маҳалла раиси” кўрик-танлови ўтказиляпти. Бухорода ушбу тадбирнинг вилоят босқичи ғолиблари номи аниқланди.

Кўрик-танловда иштирок этган 13 та маҳалла фуқаролар йиғини раисининг ўз ҳудудида амалга ошираётган хайрли ишлари атрофлича таҳлил этилди. Уларнинг назарий билимлари синовдан ўтказилди. Аҳоли бандлиги, жиноятчиликдан холи ҳудудлиги, тадбиркорликни ривожлантириш, ижтимоий ҳимояга эҳтиёжмандларни қўллаб-қувватлаш каби масалалар алоҳида эътиборда бўлди.

Якунда Ғиждувон туманидаги “Соктари” маҳалласи оқсоқоли Худойберди Исматов фахрли учинчи, Когон туманидаги “Ўзбекистон” МФЙ раиси Акбар Самадов иккинчи ўринни эгаллади. Кўрик-танловнинг республика босқичида вилоят шарафини ҳимоя қилиш ҳуқуқини берадиган биринчи ўрин эса Жондор тумани “Намгони” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Баҳромжон Юсуповга насиб этди.

— Масканимизни ишсизликдан холи ҳудудга айлантиряпмиз, — дейди танлов ғолиби Баҳромжон Юсупов. — Бунинг учун давлатимиз томонидан барча имкониятлар яратиб берилмоқда. Хусусан, мамлакатимиз раҳбари ташаббуси билан пахта ва ғалладан бўшаган ерларни аҳолига деҳқончилик қилиш учун ажратиб бериш амалиёти бизга қўл келяпти. Кейинги икки йилда 50 гектар ер фуқароларимизга очиқ аукцион савдолари орқали берилди. Бу тариқа аҳоли бандлиги таъминланибгина қолмай, бозорни тўкин этиш имконияти ҳам туғилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер