Бухороликлар пахта тайёрлаш шартнома режасини бажардилар
Фото: "Халқ сўзи"
Баҳорда яхши умидлар билан ерга чигит қадаган Бухоро вилояти деҳқонларининг машаққатли меҳнати ўз самарасини кўрсатди. Бошқача айтганда, қозонда бори чўмичга чиқди: 342 минг 600 тоннадан зиёд пахта хирмони бунёд этилди. Шартномавий режа бажарилди.
Бунга осонликча эришилмади, албатта. Воҳанинг мураккаб иқлим шароитида деҳқончилик қилмоқнинг ўзи бўлмайди. Лекин ютуқларга омил бўлган жиҳатлар ҳақида тўхталиш ўринлидир.
Ҳозир вилоятнинг 11 туманида 10 та пахтачилик-тўқимачилик кластери фаолият юритмоқда.Бу деҳқонларнинг манфаатдорлиги ошганидан дарак беради. “Пахтанинг полвони” деган таърифга лойиқ “Бухоро – 6”, шунингдек, “Бухоро – 8”, “Бухоро -10” сингари ғўзанинг истиқболли навлари бу гал ҳам ишончни оқлади. Илғор тажриба, хусусан, экинни томчилатиб суғориш, чигитни плёнка остига экиш дуруст самара берди. Масалан,”Olot cotton cluster” агрокластерида плёнка остида экилган 100 гектар майдондаги пахтанинг ҳар гектаридан 60 центнердан ошириб ҳосил олинди.
Энг муҳими, ялпи хирмон салмоқли. 2019 йилга қараганда 25 минг тоннадан кўпроқ саноатбоп хом ашё олингани бунинг далили. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, вилоятда пахтачиликдан олинадиган даромад йил якуни бўйича 1 триллион 600 миллион сўмдан ошади.
Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг