Бухоролик тадбиркор аёл океан ортида “Савдо уйи” очди
Фото: Халқ сўзи
“Тадбиркор аёл” халқаро ишбилармон аёллар ассоциацияси Бухоро вилоят бўлимининг аъзоси Лайло Равшанова АҚШда “Савдо уйи” очди.
— Ишбилармонлик фаолиятимизни 2010 йили “Севинч Текс Сервис” корхонасини таъсис этиш билан бошлаганмиз, — дейди Л. Равшанова. — Ўшанда атиги 10 та тўқув дастгоҳимиз бор эди. Ҳозирги кунда улар сони 50 тага етди. Пахта толасидан бўз ишлаб чиқаряпмиз. Яқинда “Тадбиркор аёл”халқаро ишбилармон аёллар ассоциацияси томонидан ташкил этилган делегация таркибида океан ортида бизнес сафарида бўлдим.
Сафаримиз жуда мазмунли кечди. Американинг ишбилармон доираси вакиллари, Филаделфия мери, Жаҳон банки вице-президенти ва бошқа бир қатор масъуллар билан фойдали мулоқотлар ўтказилди. Шу жараёнда мен “STS Tekstile World LLC” деб номланган “Савдо уйи”ни очишга муваффақ бўлдим.
Шу тариқа Америка бозорига экологик тоза маҳсулот саналган экосумкалар етказиб бериш йўлга қўйилади.
Айтиш жоиз, “Тадбиркор аёл” халқаро ишбилармон аёллар ассоциацияси Бухоро вилоят бўлимининг айни дамда икки минг нафардан зиёд аъзоси бўлиб, улар билан самарали фаолият олиб борилмоқда.
Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг