Бухоролик ўқувчилар Буюк Британия бўйлаб саёҳат қилмоқда
Фото: Халқ сўзи
Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун илк бор ўтказилган «Хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши мактаб» танловининг мамлакат босқичида Бухоро шаҳридаги 40- умумтаълим мактаби жамоаси фахрли 2- ўринни эгаллаган ва 400 миллион сўм миқдоридаги пул мукофоти ҳамда Буюк Британияга таълим саёҳати ваучерини қўлга киритган эди.

Айни пайтда мазкур билим даргоҳининг ўқитувчи ва ўқувчилардан иборат гуруҳи «туманли Албион»да бўлиб, Буюк Британиянинг етакчи таълим муассасалари фаолияти билан яқиндан танишмоқда. Шу жараёнда инглиз тилида эмин – эркин сўзлаша оладиган бу ўқувчилар ўз билимларини янада мустаҳкамлаяпти.
— Мамлакатимиз Президенти соврини учун ўтказилган танловда ғолиблар сафидан ўрин олганимиздаги ҳис-ҳаяжонни сўз билан ифодалаш мушкул, - дея телефон орқали таассуротларини ўртоқлашди юқори синф ўқувчиси Рухшона Музаффарова. — Бугун эса Англияда, дунёнинг етакчи таълим даргоҳлари, жумладан, Кембридж университетида бўлиш имконига эгамиз. Шундай шарт-шароитни яратиб бергани учун давлатимиздан миннатдормиз. Келажакда дунёдаги илғор таълим даргоҳларида таҳсил олиб, малакали кадр сифатида она- юртимиз равнақига ҳисса қўшамиз, албатта.
Таъкидлаш жоизки, ушбу мактабда 12 нафар инглиз тили ўқитувчиси фаолият кўрсатмоқда.Муаллимларнинг барчаси халқаро сертификатга эга.
Истам ИБРОҲИМОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг