Бухоролик ҳамширалар хорижда малака ошириш имконига эга бўлмоқда

14:50 17 Февраль 2023 Жамият
619 0

Фото: Халқ сўзи

Маълумотларга қараганда, Бухоро вилоят тиббиёт тизимида фаолият олиб бораётган ўрта махсус тиббиёт ходимлари сони 25 минг нафар атрофида. Уларнинг ўз касб малакаларини ошириб бориши эса тобора долзарб аҳамият касб этмоқда. Негаки, касбига меҳр қўйган, билимли, хушмуомала, таъбир жоиз бўлса, замонавий тиббиётнинг қандай нафас олаётганидан яхши хабардор ҳамшира бемор дардини икки, эҳтимолки, уч – тўрт чандон енгиллаштира олади.

— Ҳамшираларимиз орасида ўқиб, изланиб, олий маълумот эгаси бўлаётганлари оз эмас, — дейди Бухоро вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бош мутахассиси Маъмурахон Сафоева. — Эътиборлиси, уларнинг нафақат юртимиздаги етакчи клиника ва шифохоналарда, балки хорижда ҳам малака оширишлари учун шарт-шароитлар яратилмоқда. Масалан, ўрта тиббиёт ходимларимизнинг 50 нафари Исроил давлатининг “Mashav” лойиҳаси доирасида ушбу мамлакатдаги илғор тиббиёт муассасаларида бўлиб, билим ва кўникмаларини мустаҳкамлашди. Туркия, Россия, Қозоғистонда бўлиб, ўзаро тажриба алмашган ўрта махсус тиббиёт ходимларимиз бор.

Эндиликда бу йўналишда ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилган давлатлар қаторига Германия ҳам қўшилмоқда. Гап шундаки, куни кеча мазкур мамлакатнинг “Median” тиббиёт клиникалари уюшмаси масъуллари Бухорода бўлиб, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ўрта тиббиёт ходимлари билан юзма – юз мулоқот қилдилар. Улар жойларга чиқиб, соҳа ходимларининг иш фаолияти билан яқиндан танишдилар. Табиийки, ҳамширалар Германия тиббиёти, соҳа ходимларининг иш услуби, яратилган имкониятлар хусусида тушунчага эга бўлдилар. Меҳмонлар ўзаро тажриба алмашувни йўлга қўйишга тайёрликларини билдиришди.

Истам ИБРОҲИМОВ,  «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер