Бухоролик фахрий журналистга эҳтиром кўрсатилди

11:40 11 Март 2024 Жамият
294 0

Фото: "Халқ сўзи"

Истам Иброҳимов/“Халқ сўзи”. Юртимизда баҳор, Наврўз нафаси бўй кўрсатаётган бу дамлар хусусан, қалам аҳли учун илҳомбахшлиги билан алоҳида қадрли. Зеро, она-юрт мадҳини, одамларнинг ўй-ташвишлари, қувончларини қоғозга тушириш бахти ҳар кимга ҳам насиб қилавермайди. Бухоро вилояти Ромитан туманида яшаб ижод қилаётган Зуҳра Қурбонова буни жуда яхши ҳис этади.

— Чекка бир қишлоқда умргузаронлик қилиб, ҳаётини журналистикага бағишлаган аёлларимиз ҳар қандай эъзозга лойиқ, — дейди Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими раиси вазифасини бажарувчи Шамшод Очилов. — Зуҳро опа ана шундай ҳамкасбларимиздан. Фаолиятини туман газетасида мусаҳҳиҳликдан бошлаган З. Қурбонова кейинчалик вилоят “Бухоронома” газетасида самарали меҳнат қилди. “Пешку овози” газетаси муҳаррири вазифасида ишлади. У ҳозир ҳам долзарб мавзуларда мақолалар ёзиб газеталар билан ижодий ҳамкорликни давом эттирмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 25 йиллиги кўкрак нишони соҳибаси Зуҳра Қурбонованинг аёл, оила, оналик бахти, она-юртга муҳаббат, миллий урф-одатларга садоқат мавзуидаги публицистик чиқишлари, ҳаётий ҳикоялари ўқимишлилиги билан ажралиб туради.

Дарвоқе, яқинда Ўзбекистон Ёзувчилар ҳамда Журналистлар уюшмалари вилоят бўлимлари, “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими ҳамкорлигида бутун умрини газетачиликка бағишлаган ижодкор Зуҳра Қурбонованинг “Садоқат” деб номланган китоби тақдимоти ўтказилди. Унда сўз олган “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими раиси Самойиддин Ҳусенов, Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Шодмон Сулаймонов ва бошқалар табаррук 70 ёшни қарши олган ижодкорнинг фаолияти, “Садоқат”да жамланган ҳаётий ҳикоялар, уларнинг ёшлар маънавиятини бойитишдаги аҳамияти ҳақида фикр-мулоҳаза юритдилар.

Тадбир якунида ҳамкасбимизга ташкилотчилар томонидан ҳурмат-эҳтиром кўрсатилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер