Бухородан сирдарёликларга инсонпарварлик ёрдами юборилди

10:40 04 Май 2020 Жамият
1190 0

Ота – боболаримизнинг айтишганича бор: ҳаёт – бешафқат.Унинг кутилмаган зарбаларига ҳамиша тайёр турмоқ керак. 27 апрель куни кечқурун Бухоро вилоятида содир бўлган табиий офат минглаб юртдошларимизнинг ҳузур-ҳаловати, тинчини бузди. Тураржойлар, инфратузилма объектларига жиддий зиён етди. Ана шундай қийин паллада бухороликларга бутун мамлакатимиз, жумладан, сирдарёликлар ҳам ёрдам қўлини чўзишди.

— Буни қарангки, орадан сал фурсат ўтиб Сардоба омборида тошқин юз берди, минглаб сирдарёликлар бошига ташвиш тушди,-—  дейди Бухоро шаҳрида истиқомат қилувчи меҳнат фахрийси Беҳбуд Жумаев. — Обод қишлоқлар, боғу роғлар, экинзорларга зарар етди. Шу боисдан ҳам сирдарёликларнинг аҳволини, қайғусини табиий офат оқибатларини бошдан кечирган биз, бухороликлар жуда яхши англаймиз.Халқимиз уруш йилларида турли миллат ва элатга мансуб юз минглаб фуқароларни, гўдакларни бағрига олиб, меҳру оқибат кўрсатганини бутун дунё билади. Шундай экан, биз, бухороликлар тошқин оқибатида қийналиб қолган оилаларни бағримизга олишга, уларга зарур ёрдам кўрсатишга тайёрмиз.

Отахон ҳақ. Сардоба тошқини юз берган заҳоти Бухородан Сирдарёга 20 тонна ун, 10 тонна ўсимлик ёғи, 10 тонна озиқ-овқат маҳсулотлари ва 300 та кўрпа-тўшак жамланмасидан иборат инсонпарварлик ёрдами жўнатилди.

Истам ИБРОҲИМОВ,

«Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер