Бухородаги собиқ бозор ўрнида истироҳат боғи барпо этилмоқда
Фото: Халқ сўзи
Бухоро шаҳридаги собиқ «Тўқимачи» деҳқон бозори ўрнида истироҳат боғи барпо этишга киришилди. Салкам икки гектар майдонни ташкил этган ҳудуд анчадан буён бўш ва қаровсиз ётганди.
Айтиш жоизки, шаҳарнинг «6– мавзе» номини олган бу қисмида чамаси 50 йил муқаддам йирик тўқимачилик корхонаси барпо қилинган, қатор инфратузилма объектлари қаторида кўп қаватли уй – жойлар ҳам қурилганди. Аммо бу гўшада дам олиш боғи ҳали- ҳануз йўқ эди. Бухоронинг жазирама иссиғида шу ерда умргузаронлик қилаётган аҳоли, хусусан, ногиронлар, ёш болаларга осон тутиб бўлмасди. Негаки, марказий истироҳат боғи шаҳарнинг нариги чеккасида жойлашган.

Бугун, 6 март куни ушбу ҳудудда «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида кўчат ўтқазиш акцияси ташкил этилди.
— Акция доирасида бу ерга 300 тупдан зиёд ясин, садақайрағоч, каталпа каби маҳаллий иқлимга мос дарахт кўчатлари ўтқазилди, — дейди Ўзбекистон Экологик партияси вилоят ташкилоти раиси Жаҳонгир Шарипов. — Шу ўринда таъкидлаш лозимки, бу манзарали дарахтлар кўкка бўй чўзгач, атмосферадаги заҳарли газларни ютиб, бир кунда ўртача 200 килограмм кислород чиқариш хусусиятига эга. Эътибор қилган бўлсангиз, ҳудуд йўллари ҳам серқатнов. Автомобиллардан чиқадиган заҳарли газлар эса ҳавони ифлослантиради.
Бинобарин, истироҳат боғининг барпо этилаётгани айни муддао. Қолаверса, боғда яшил майдон, велойўлак, пиёдалар йўлакчаси, спорт майдончаси барпо этилади, зарур инфратузилма яратилади.
Истироҳат боғига кўчат ўтқазиш акциясида Бухоро вилоят ҳокими Б. Зарипов бошчилигидаги секторлар раҳбарлари, корхона, ташкилотлар масъуллари, ёшлар, жамоатчилик вакиллари, соҳа ишчи – ходимлари иштирок этдилар.
Истам ИБРОҲИМОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг