Бухородаги қадимий Талипоч дарвозаси ва унга туташ қалъа деворида таъмирлаш – тиклаш ишлари олиб борилмоқда
Қадимий Талипоч дарвозасининг кўриниши. Фото: «Халқ сўзи»
Азал-азалдан Бухоронинг қадимий мудофаа деворлари бўйлаб 11 та дарвоза жойлашган. Шаҳар бедарвоза эмас, деганларидек, уларнинг барчаси шом намозидан сўнг ёпилган, бомдод намозидан кейин эса очилган. Бугунги кунга қадар бу маданий – мерос объектларининг фақат иккитаси –Талипоч ва Қоракўл дарвозалари сақланиб қолган.
Мудофаа деворининг тақдири ҳам дарвозаларникига ўхшаб кетади. Унинг қолдиқларини ҳозир шаҳарнинг айрим қисмларида учратиш мумкин, холос. Талипоч дарвозаси икки қаноти бўйлаб чамаси 700 метрга чўзилган девор шулар жумласидан. Афсуски, ташқи таъсирлар, қор – ёмғир оқибатида, қолаверса, эътиборсизлик сабаб бу қадимий девор ҳам, дарвоза ҳам кейинги пайтда таъмирталаб аҳволга келиб қолди. Ҳатто деворнинг бир қисми ўпирилиб кетди.
- Маълум бўлишича, Михаил Фрунзе бошчилигидаги шўро қўшинлари шаҳар мудофаачиларининг мардлиги сабаб Талипоч дарвозаси орқали ичкарига кира олишмаган, шундан сўнг деворнинг бир қисмини ваҳшийларча вайрон қилиб, ўзлари учун йўлак очишган,- дейди уста меъморлар сулоласи вакили Ризо Ғуломов. –Кейинчалик бу йўлак наридан бери девор шаклига келтирилади. Биз таъмирлаш – тиклаш ишларига киришаётиб, худди шунга гувоҳ бўлдик. У қўл учида бажарилган экан.
Дарвоқе, Ризо Ғуломов – маданий мерос объектларини таъмирлаш – тиклаш борасида бой тажрибага эга мутахассислардан саналади. Талипоч дарвозаси ва қалъа деворини айнан у раҳбарлигидаги “Барака Ризо қурувчи” масъулияти чекланган жамияти усталари таъмирлашмоқда.
Айтмоқчи, деворнинг ўприлган қисмига туташ тарзда ярим айлана шаклида бурж барпо қилинди. Чамаси 700 метр масофадаги қадимий деворнинг қум босган пойдевори тозаланди. Тонналаб шўр тупроқ ташқарига олиб чиқиб кетилди. Девор пойдеворини мустаҳкамлаш ишлари бажарилди. Таъмирлаш – тиклаш ишларида тоғ гели, тупроқ ва майин сомондан фойдаланилмоқда. Таниқли меъмор Т. Бобоев тавсиялари асосида тарихий суратларга таянган ҳолда қадимий девор асл ҳолига келтириляпти.
- Биз бу объектда 2 миллиард 600 миллион сўмлик таъмирлаш – тиклаш ишларини бажарамиз,- дейди Ризо Ғуломов. -Қалъа девори ва XVI асрда қурилган дарвоза бу юмушлардан сўнг сайёҳларни ўзига оҳанрабодек тортадиган манзилга айланади. Бунга ишончимиз комил.
Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг