Бухорода «VoiceUp – 2026» инклюзив ёшлар оромгоҳи ўз фаолиятини бошлади
Бухоро шаҳрида «VoiceUp – 2026» инклюзив ёшлар оромгоҳи тантанали тарзда очилди.
Ёшлар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирокида кечган маросим аввалида тўпланганлар эътиборига Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан амалга оширилаётган лойиҳалар, саломатлигида нуқсони бўлган ўғил-қизларнинг ўз иқтидорларини юзага чиқаришлари учун яратилаётган имкониятларга доир видеолавҳалар намойиш этилди. Тадбирда вилоят ҳокими Б. Зарипов сўз олиб, юртимизда ёшлар салоҳиятини юзага чиқаришга қаратилган бу каби лойиҳаларнинг аҳамияти хусусида тўхталди. Шундан сўнг масъуллар «VoiceUp – 2026» инклюзив ёшлар оромгоҳи қатнашчилари томонидан ишлаб чиқилган лойиҳалар билан танишдилар. Уларда «Қалб кўзи», «Смартқўлқоп», «Юкланиш» каби лойиҳалар илиқ таассурот қолдирди. Зеро, мазкур ишланмалар ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамиятга мослашувига, уларнинг ҳаёт сифатини яхшилашга қаратилган. Бу каби лойиҳалар ногиронлиги бўлган фуқароларнинг ташвишларини енгиллаштиради, уларга ўзларини жамиятнинг тенг ҳуқуқли аъзоси сифатида ҳис этишларига кўмаклашади.
Ёшлар иқтидорини юзага чиқаришга қаратилган «VoiceUp – 2026» инклюзив оромгоҳи дастуридан турли тренинглар, фойдали учрашув ва мулоқотлар, маданий тадбирлар ўтказиш ўрин олган.
Истам ИБРОҲИМОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг