Бухорода Туркманистон маданият кунлари тадбирлари ўтказилди

16:54 31 Октябр 2023 Жамият
609 0

Фото: “Халқ сўзи”

Ўзбек – туркман халқларининг дўстлиги, қон – қариндошлиги неча минг йилларга бориб тақалади. Бир дарёдан сув ичган бу икки халқ ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари кейинги йилларда янги босқичга кўтарилди. Зеро, бизни умумий тарих, асрий анъаналар бир – бирига ипсиз боғлаб турибди. “Туркманистон маданият кунлари” доирасида Бухоро шаҳридаги “Саҳид – Зарафшон” меҳмонхонасида ўтказилган анжуманда шу фикр алоҳида таъкидланди.

“Жаннат гўзаллиги – туркман гилами” мавзусидаги анжуманда сўз олган “Туркман гилами”(Ашхобод) миллий музейи илмий маслаҳатчиси Ажап Байриева, Ўзбекистон Фанлар академияси Санъатшунослик илмий – тадқиқот институти етакчи илмий ходими, санъатшунослик фанлари доктори, профессор Элмира Гюл, бухоролик санъатшунос олим Қорёғди Жумаев ва бошқалар икки миллат халқ амалий санъати сув ичган чашмалар ҳақида атрофлича сўз юритдилар. Бухоро ҳунармандчилиги, айниқса, сўзаналари, ипак матоларининг туркман гиламдўзлигига ижобий таъсири тарихий манбалар асосида баён этилди.

Айтиш жоизки, Туркманистонда 1992 йилдан буён май ойининг охирги якшанбаси туркман гилами сифатида нишонланиб келинади. У 2019 йилда UNESKOнинг инсоният номоддий маданий мероси рўйхатига киритилган.

— Ушбу нуфузли анжуманда биз, ҳунармандлар ўз маҳсулотларимиз билан фаол қатнашаётганимиздан хурсандмиз,— дейди туркманистонлик тадбир иштирокчиларидан бири Жейран Гурбанова.— Маданият кунлари доирасида ташкил этилган кўргазмада мен ойнага миллий нақш ва безаклар тушириб тайёрланган соатларни бухороликлар эътиборига ҳавола этдим. Ўзим ижодкорлар оиласиданман. Бухорога атайин махсус тайёрланган бир соатни ҳам олиб келганман. Уни бугун очилиши ўтказиладиган музейга, аниқроғи, миллий кўргазмага топшириш ниятидаман.

Дарвоқе, бундан бир неча ой муқаддам Бухоро шаҳрида жаҳонга машҳур туркман гиламларини тўқиш йўлга қўйилганди. Бу лойиҳа “SD-TURKMEN HALY” масъулияти чекланган жамият шаклидаги ўзбек-туркман қўшма корхонаси томонидан амалга оширилди.

— Қўл меҳнати маҳсули бўлган гиламларнинг тарихи туркий халқларнинг ўтмиши билан узвий боғлиқ,— дейди туркманистонлик тадбиркор, лойиҳа ташаббускори Солмас Жумаева.— Биз корхона қошида шу гиламларнинг тарихи, бутун жаҳонда ном қозониши, уларнинг ўзига хос жиҳатларини акс эттирган музей ҳам ташкил этдик. Айнан Бухорода шундай гиламбофликни йўлга қўйганимиз ҳам бежиз эмас. Бухоро қадим – қадимдан ҳунармандлар юрти бўлиб келган.

Дарҳақиқат, ўтмишда Буюк Ипак йўлидаги энг йирик бозорлар шу ерда жойлашган. Тарихий манбаларда ҳатто бу гиламлар Бухоро гилами сифатида машҳурлиги таъкидланган. Айни дамда корхонада 60 нафарга яқин хотин – қизнинг бандлиги таъминланган.

— Ўзингга маъқул касб – ҳунар билан шуғуллансанг топганинг баракали бўлади, ишингдан кўнглинг тўлади, — дейди корхона ишчиси Манзура Умарова.— Дастгоҳда гилам тўқиш кишидан нозик дид, кўз нури, сабр – тоқатни талаб қилади. Дастлабки кунларданоқ бу менбоп иш эканини ҳис этдим. Ишим ўзимга ёқади. Ҳозир Англия ҳамда Покистондан тушган буюртмаларни бажаряпмиз.

Корхонада икки давлат вакиллари, халқ амалий санъати усталари, соҳа мутахассислари, тадбиркорлар иштирокида “Туркман гиламлари тарихи миллий кўргазмаси”нинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда сўз олганлар бу каби лойиҳаларнинг ҳаётга татбиқ этилиши икки халқ ўртасидаги дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидладилар.

Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер