Бухорода туркий тилдаги қўлёзмалар каталоги тақдимоти ўтказилди
Истам ИБРОҲИМОВ/«Халқ сўзи». Бухоро давлат музей-қўриқхонасининг араб ёзувидаги қўлёзмалар бўлимида VIII-XX асрларга оид 6 мингга яқин қўлёзма китоблар, тарихий ҳужжатлар ва хаттотлик намуналари сақланмоқда. Фондда, шунингдек, XIX-XX асрларда Эрон, Афғонистон, Туркия, Россия, Миср, Саудия Арабистони каби қатор давлатларнинг 90 дан зиёд нуфузли нашриётларида ҳамда юртимизнинг Бухоро, Самарқанд, Тошкент, Қўқон каби шаҳарларида чоп этилган араб, форс ва туркий тиллардаги мингдан ортиқ тошбосма китоблар бор.
— Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 24 май ҳамда 2022 йилдаги қадимий қўлёзма манбаларни сақлаш, тадқиқ ва тарғиб этиш тизимини такомиллаштиришга оид қарорлари соҳа ривожида алоҳида ўрин тутмоқда, — дейди Бухоро давлат музей-қўриқхонаси қўлёзмалар бўлими раҳбари Аҳтам Аҳмедов. — Жумладан, шу қарорлар талабларидан келиб чиқиб, қўлёзмаларни асраш, уларни ўрганиш борасидаги шарт-шароитлар яхшиланди.
“Бухоро давлат музейи туркий тилдаги қўлёзмалар каталоги”нинг тузилиши ҳам маданий ҳаётимиздаги муҳим воқеалардан бири бўлди. Негаки, изланувчан тадқиқотчи Аҳтам Аҳмедов муаллифлигида чоп этилган бу китоб манбашунослар, матншунослар, ижтимоий-гуманитар фанлар йўналишида таҳсил олаётган бакалавр ва магистрлар учун фойдали қўлланма вазифасини ўтайди. Кўзланган мақсад эса музейда сақланаётган ёзма ёдгорликлар рўйхатини тузиш орқали улар миқдорини аниқлаш ва йўқолиб кетиш хавфи олдини олиш, илмий жамоатчиликни бу бой меросимиздан хабардор қилишдан иборатдир. Каталогга туркий (ўзбек) тилидаги 110 та қўлёзма кирган. Турли минтақаларда яшаган хаттотлар томонидан кўчирилган бу асарлар 1784 йилдан 1926 йилгача бўлган даврни ўз ичига олади.
Сирасини айтганда, каталог тузиш мутахассисдан жуда катта билим, қунт ва салоҳиятни талаб қилади. Ўтган асрнинг 90-йилларига қадар бу каби каталогларнинг танқислиги тадқиқотчилар олдида жуда кўп қийинчиликларни туғдирарди. Ваҳоланки, юртимизда, жумладан, Бухоро давлат музей-қўриқхонасида араб, форс тиллари қатори, ўзбек тилидаги кўплаб қўлёзма ва тошбосма асарлар борки, улар ўз тадқиқотчиларини кутмоқда. Яратилган каталог бунда изланувчилар учун йўл-кўрсатгич вазифасини ўтайди. Шу боисдан ҳам дунёда каталог китоблар ва уларнинг ижодкорлари жуда қадрланади.
Бухоро тасвирий санъат музейида бўлиб ўтган тақдимот маросимида сўз олган БухДУ профессори, тарих фанлари доктори Ҳ. Тўраев, доцент З. Амонова, Ҳ. Сафарова, шу китобнинг дунё юзини кўришида ҳисса қўшган маърифатпарвар инсон Б. Сафаров ана шулар ҳақида тўхталдилар. Аждодларимизнинг бой маънавий меросини ўрганиш, тадқиқ этиш ишлари янги босқичга кўтарилаётгани мамнуният билан эътироф этилди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг