Бухорода тўртта ер ости пиёдалар ўтиш йўли фойдаланишга топширилди

16:02 27 Декабрь 2023 Жамият
1337 0

Фото: "Халқ сўзи"

Муҳаммад Иқбол кўчаси Бухоро шаҳрининг энг гавжум гўшаларидан саналади. Хусусан, унинг Бухоро давлат университети жойлашган қисми жуда тирбанд. Айнан шу ерда умумий қиймати 6,4 миллиард сўм бўлган ер ости пиёдалар ўтиш йўли барпо этилди.

— Кейинги йилларда олий ўқув юртимизда таҳсил олаётган талабалар сони бир эмас, бир неча баравар ошди, — дейди БухДУ профессори, тарих фанлари доктори Сулаймон Иноятов. — Уларнинг, умуман, йўловчиларнинг автотранспорт воситалари билан тирбанд йўлдан бехавотир ўтишлари учун шундай иншоотга эҳтиёж сезилаётганди. Вилоят ҳокимлиги ташаббуси ва тегишли корхоналар саъй-ҳаракати билан ажойиб меъморий ечимга эга ер ости ўтиш йўли фойдаланишга топширилди. Шу муносабат билан ташкил этилган байрамона тадбирда мен ҳам қатнашиб, бу иншоот нафақат ҳаракат хавфсизлигини таъминлайди, балки ёшларимиз эстетик дидини оширишга ҳам хизмат қилади, деган фикрга келдим. Чунки унинг қурилишида миллийлик ва замонавийлик уйғунлаштирилган.

Айтиш жоизки, Янги йил арафасида магистраль йўл бўйидаги Бухоро туман маркази Галаосиёда, Бухоро шаҳридаги Қаюм Муртазоев кўчаси марказий дорихона биноси олдида, “Жондор” автошоҳбекати рўпарасида ҳам шундай иншоотлар қурилиб фойдаланишга топширилди.

Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер