Бухорода рақобатбардош инновацион маҳсулотлар тайёрланмоқда

18:49 27 Ноябрь 2023 Жамият
707 0

Давлатимиз раҳбарининг “2022 – 2026 йилларда Ўзбекистон Республикасининг инновацион ривожланиш стратегиясини амалга ошириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ мамлакатимизнинг бир қатор шаҳар ва туманларида инновацион ҳудудлар ташкил этилган. Бу ҳудудларда илм-фаннинг илғор ишланмалари асосида ўзига хос бизнес лойиҳалар амалга оширилмоқда. Бухоро вилояти Ромитан туманидаги “Gold Pharm Mushrooms” масъулияти чекланган жамияти томонидан ҳаётга татбиқ этилаётган илмий ишланмалар фикримиз тасдиғидир.

— Ҳар бир киши микро ва макроэлементларга, витамин ва минералларга эҳтиёж сезади, — дейди мазкур корхона иш юритувчиси Улуғбек Икромов. — Хусусан, беморларда бу моддаларга эҳтиёж катта.Озиқ-овқат маҳсулотлари билан бу эҳтиёжни қоплаш мушкул. Шундай паллада биологик фаол қўшимчалар асқатади. Биз бу ўринда доривор қўзиқориннинг рейши ва траметес турларидан таркиб топган биологик фаол қўшимчаларни назарда тутаяпмиз. Корхонамизда ана шундай қўзиқорин етиштириш ва уни қайта ишлаш йўлга қўйилди. Воқеалар ривожидан ўзиб таъкидламоқчиманки, бизда Ҳамдўстлик мамлакатлари орасида биринчи бўлиб, қўзиқоринлар етиштириш ва уларни қайта ишлашнинг миллий технологияси яратилди ва амалиётга татбиқ этилди.

Мутахассисларнинг таъкидлашларича, қўзиқориннинг рейши тури Осиёда кенг тарқаган. У дунёда машҳур. Фақатгина рейшининг жаҳон бўйлаб йиллик сотуви 2 миллиард АҚШ долларидан ошади. Қўзиқориннинг бу икки туридан тайёрланган биологик фаол қўшимчалар тамоман импорт маҳсулот саналади. “Gold Pharm Mushrooms” масъулияти чекланган жамияти тадбиркорлари импорт ўрнини босадиган шундай маҳсулот тайёрлаш йўлида салмоқли қадамларни ташлашди. Бу ерда шу йилнинг баҳоридаёқ 14 тонна истеъмол учун қўзиқорин етиштирилди ва қайта ишланди. Корхона маҳсулотлари тайёр ва ярим тайёр маҳсулот сифатида ички бозорда ҳамёнбоп нархларда сотилмоқда.

— Лойиҳамиз Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Инновацион ривожланиш агентлиги томонидан грант ажратиш орқали қўллаб-қувватланди, —  дея давом этади У. Икромов. — Гап шундаки, биз гўшт ва оқсилга бой маҳсулотлар ўрнини босувчи қўзиқоринни интенсив усулда кўпайтириш, консерваланган ҳолда қайта ишлаш билан чекланиб қолмаяпмиз. Биологик фаол қўшимча учун хомашё етиштираяпмиз. Жаҳон тиббиётида онкологик касалликларни даволашда кимё – терапияси билан биргаликда қўлланиладиган саратонга қарши инновацион биологик фаол қўшимча ҳам тайёрлаяпмиз. Ўтган йилда Тошкент фармацевтика институти билан доривор қўзиқоринларнинг кимёвий таркиби ва уларнинг ёмон сифатли ўсмаларга тўғридан – тўғри таъсирини ўрганиш мақсадида меморандум ҳам имзолаганмиз.

Шу ўринда бу лойиҳанинг иқтисодий жиҳатдан ҳам ўзини тўла оқлаётганини таъкидлаш жоиз. Лойиҳа ташаббускорлари ишни “ноль”дан бошлашган. Йиллар давомида бой тажриба тўплашган. Ҳозир қўзиқорин уруғи ҳам корхонанинг ўзида тайёрланмоқда. Уни етиштириш ва қайта ишлаш орқали ўттиз кишининг бандлиги таъминланган.

Ҳисоб-китобларга қараганда, битта кичик халтада интенсив усулда уч ой давомида 2-2,2 килограмм қўзиқорин етиштириш мумкин. Бунинг учун ўртача 20 минг сўм харажат қилинади. Тайёр ҳосилни сотишдан тушган маблағ эса бундан икки-икки ярим баравар кўп. Бу ерда йилнинг икки мавсумида импорт ўрнини босадиган тонналаб шундай маҳсулот етиштирилаётгани, доривор қўзиқоринга хориждан ҳам харидорлар чиқаётгани инобатга олинса ушбу инновацион лойиҳанинг истиқболли экани кўзга яққол ташланади.

Ана шундай ўзига хос ишланмаларнинг яна бири Ғиждувон инновацион ҳудудида амалга оширилди. Гап “Ilm билан yuksal” масъулияти чекланган жамияти томонидан нефть ва газ саноати корхоналари учун юқори босимда ишлайдиган шарли кранлар тайёрлашга қаратилган лойиҳа ҳақида бормоқда.

— Бундай маҳсулотлар шу кунга қадар республикамизда ишлаб чиқарилмас, четдан импорт қилинарди, — дейди лойиҳа ташаббускори Тўлқин Сирожев. — Ваҳоланки, уларга талаб катта. Биз ўз имкониятимиздан келиб чиққан ҳолда йилига 60 та шундай шарли кранлар ишлаб чиқара оламиз. Маҳсулотимиз хорижникига нисбатан деярли икки баравар арзон. Ҳар бири 5,5 миллион сўм туради. Сифатли. Рақобатбардош. Агар металлни ўзимизда қуйиш билан боғлиқ режамиз рўёбга чиқса, маҳсулот таннархи янада арзонлашади. Яқин истиқболда ишчи ўринлари сонини ҳам 50 тадан ошириш ниятидамиз.

— Давлатимиз раҳбарининг тегишли қарорига мувофиқ, илмий ва назарий жиҳатдан пухта асосланган бир қатор инновацион лойиҳалар ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда, — дейди республика Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳудудий бошқармаси бош мутахассиси Икром Муродов. — Ромитан туманидаги “Turon Komplekt” масъулияти чекланган жамиятининг тескари осмос технологияси асосида сув фильтрлари, “Revmo-Gloves” корхонасининг артрит билан касалланган беморларни ультратовуш орқали даволаш учун махсус қўлқоп, Қоракўл туманидаги “Megacluster” масъулияти чекланган жамияти томонидан гидропоника усулда чорва озуқаси ишлаб чиқаришга қаратилган лойиҳалар шулар жумласидандир.

Муҳими, бу каби инновацион лойиҳалар фан ва амалиёт уйғунлигини таъминлаган ҳолда вилоят, республика иқтисодиёти равнақига хизмат қилаяпти, аҳоли бандлигини таъминлашда қўл келмоқда.

Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер