Бухорода пилла лосидан саноатбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш технологияси яратилди

16:20 11 Март 2025 Жамият
391 0

Истам ИБРОҲИМОВ/«Халқ сўзи». Мутахассисларнинг ҳисоб-китоб қилишича, биргина Бухоро вилоятидаги корхоналарда йилига 2 минг 145 тонна пилла хомашёси қайта ишланади. Шундан 11-13 тонна атрофидаги пилла лоси чиқиндига чиқади. У қайта ишланмайди. Ваҳоланки, ҳозирги кунда пилла чиқити лосининг бир килограмми дунё бозорида 0,5-2,5 АҚШ доллари миқдорида баҳоланади. Бошқача айтганда, 9-31 минг сўм атрофида сотилади.

Шу нуқтаи назардан Бухоро давлат техника университети олимлари томонидан пилла лосидан саноатбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш технологияси яратилгани эътиборга моликдир.

— Янги технология пилла лосини қайта ишлаб, ундан тозаланган момиқ хомашё олиш имкониятини беради, — дейди университет ўқитувчиси Ирода Мавлонова. — Ушбу момиқдан кўрпа-тўшак тикишда, шунингдек, қишки кийимларнинг ички қисмида иситувчи қатлам сифатида фойдаланиш мумкин. Биз таклиф қилаётган технология қулайлигини ҳам таъкидламоқчимиз. Унда маҳаллий компонентлардан фойдаланилади. Энергия ҳам тежалади.

Масаланинг иқтисодий жиҳати шу билан чекланиб қолмайди. Таклиф этилаётган технология шарофати билан бир мавсумда умумий ҳисобда 360 минг АҚШ доллари миқдорида хомашё етиштириш имконияти юзага келади. Иситувчи қатламга эга қўшимча қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқарилади. Янги иш ўринлари юзага келади. Соҳа корхоналари қўшимча даромадга эга бўлади.

Шу ўринда пилла лоси ўзи нима, деган савол ҳам туғилади. Мутахассисларнинг билдиришича, ипак қурти пилла ўраш учун қулай жой танлаб, ип тортган ҳолда мўъжазгина «ҳавоза» қура бошлайди. Ипак толаларни озуқа поясига бириктирар экан, ўртада бўш жой қолдиради ва ана шу ерда пилла ўрайди. «Ҳавоза» қуриш пилла ўрашнинг биринчи босқичи ҳисобланиб, бу пилла лоси деб аталади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер