Бухорода меҳмонхоналар сони 451 тага етказилади
Сир эмас, бутун дунёни таҳликага қўйган “Covid-19» пандемияси бошқа соҳалар қатори туризм соҳасига ҳам мисли кўрилмаган даражада зарар келтирди.Бундан юртимиз, жумладан, сайёҳлик йўналишида катта салоҳиятга эга Бухоро вилояти ҳам истисно эмас.
Ўтган йилда вилоятга ташриф буюрган 249 минг 927 нафар сайёҳнинг атиги 13 минг 325 нафарини хорижий туристлар ташкил этгани ҳам буни яққол кўрсатиб турибди.
Шунга қарамай, соҳа бир жойда депсиниб қолаётгани йўқ.Давлатимиз раҳбарининг тегишли Фармон ва қарорлари асосида пандемия даври салбий оқибатларини юмшатиш, туризм соҳасини қўллаб – қувватлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга ошириляпти.
— Бугунги кунга қадар жами 89 та меҳмонхона ва транспорт хизмати корхоналарининг 24, 3 миллиард сўмлик кредит тўловлари муддати узайтирилди, — дейди вилоят туризмни ривожлантириш департаменти директори Суҳроб Бобокалонов. — Шу билан бирга тизимнинг 78 та тадбиркорлик субъектига 1 миллиард 222 миллион сўмдан зиёд солиқ имтиёзлари берилди. 27 тасига эса 1 миллиард 645 миллион сўм миқдорида мақсадли ссудалар ажратилди. 6 та туристик компания фаолияти йўлга қўйилди. 35 та жойлаштириш воситаси, шунингдек, ўн йилдан зиёд вақт давомида фаолият юритмай келган 300 ўринли «Сахид Зарафшон» меҳмонхонаси замонавий кўринишга келтирилиб, фойдаланишга топширилди.
Дарҳақиқат, туризм инфратузилмаси ривожига пандемия халал бера олгани йўқ. Буни Ромитан туманидаги Бўронтепа қадимий ёдгорлиги ҳудудида инновацион туризм кластери ишга тушгани, Тўдакўл сув ҳавзасида замонавий дам олиш маскани барпо этилаётгани ҳам кўрсатиб турибди.
— 2021— 2022 йилларда маҳаллий ва хорижий ташаббускорлар томонидан 61 та лойиҳа амалга оширилади ва бунинг натижасида 1 172 та янги иш ўрни яратилади, — дейди С. Бобокалонов оммавий ахборот воситалари ходимлари учун уюштирилган матбуот анжумани чоғида. — Вилоятда меҳмонхоналар миқдорини 451 тага, туристик фирмалар сонини эса 129 тага етказиш назарда тутилган.
Таъкидланишича, пандемия пайтида Бухорода соҳадаги бирорта ҳам объект ўз фаолият турини ўзгартирмаган.
Истам ИБРОҲИМОВ,
(«Халқ сўзи»)
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг