Бухорода халқаро форум бошланди
Бухоро шаҳридаги «Саҳид Зарафшон» меҳмонхонасининг муҳташам залида Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда парламентлараро глобал ҳамкорлик масалаларига бағишланган халқаро форум бошланди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати, Вазирлар Маҳкамаси, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг мамлакатимиздаги тузилмалари ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур нуфузли тадбирда дунёнинг кўплаб мамлакатлари парламентлари аъзолари, фуқаролик институтлари, давлат идоралари, халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этмоқда.
Форумнинг тантанали очилиш маросимида нафақат минтақамиз, балки дунё парламентаризми тарихида биринчи бор ўтказилаётган бу форумнинг аҳамияти ва ундан кўзланган мақсадлар ҳақида сўз юритилди. Парламентларнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш йўлидаги барча саъй – ҳаракатларини бирлаштириш, ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш ва мустаҳкамлаш, бу жараёнга фуқаролик институтларини ҳам кенг жалб қилиш зарурлиги таъкидланди.
- Мен аввало нафақат Ўзбекистонда, балки дунёда илк бор ўтказилаётган шундай форум ташкилотчиларига миннатдорчилик билдирмоқчиман, дейди тадбир иштирокчиси, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Парламент ассамблеясининг махсус вакили Рейнхолд Лопатка. - Негаки, конференцияда бутун инсониятни ташвишлантираётган, ўйлантираётган глобал масалалар муҳокама қилинаяпти. Шу нуқтаи назардан Ўзбекистонда Президент Ш. Мирзиёев ташаббуси билан иқтисодий – ижтимоий соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар алоҳида эътирофга лойиқ. Бугун мамлакатингиз улкан янгиланишлар жараёнини бошдан кечираяпти. Одамларнинг ўз ҳаётларидан рози бўлиб яшашлари йўлида катта ишлар бажарилмоқда.Бу ишлар Барқарор ривожланиш мақсадлари рўёбига хизмат қилади.
Айтиш жоизки, халқаро форумда БРМнинг самарали бажарилишини таъминлашда парламентнинг роли, ушбу мақсадларни амалга оширишга оид тадбирларни молиялаштириш, дунё парламентлари ўртасида халқаро мулоқот ва глобал ҳамкорликни ривожлантириш каби қатор масалалар атрофлича таҳлил қилинади.
Форумнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг раиси Т. Норбоева иштирок этди.
Икки кун давом этадиган халқаро форум якунида Бухоро декларацияси қабул қилиниши кутиляпти.
Истам ИБРОҲИМОВ,
«Халқ сўзи»
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг