Бухорода иссиқлик қопламалари ишлаб чиқариш йўлга қўйилди

11:12 26 Ноябрь 2024 Жамият
329 0

Бухоро шаҳрида “Wide range products” масъулияти чекланган жамияти томонидан “Нефть-газ ва кимё саноати корхоналари учун суюқ иссиқлик қопламаси ишлаб чиқариш” тижоратлаштириш лойиҳаси ҳаётга татбиқ этилди. Лойиҳа республика Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Инновацион ривожланиш агентлиги кўмагида бажарилди.

Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 6 июлдаги “2022 — 2026 йилларда Ўзбекистон Республикасининг инновацион ривожланиш стратегиясини амалга ошириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасидаги мазкур лойиҳанинг аҳамияти шундаки, иссиқлик қопламалари импорт ўрнини босади. Шунингдек, маҳсулот ишлаб чиқариш тўлиқ маҳаллийлаштирилган.

Лойиҳа доирасида 8 та янги иш ўрни яратилди. Корхона йилига 20 минг литр иссиқлик қопламаси тайёрлай олади.

Маълумотларга қараганда, “FreezingStop” деб аталадиган мазкур қопламалар экологик тоза, хавфсиз, ташқи таъсирларга чидамлидир. Моҳиятан бўёқ ва лак материали саналган иссиқлик қопламалари уйнинг фасади ёки ички деворида, қувур ва резервуарларда қўлланилганидан сўнг 1 дан 3 ммгача миқдорда плёнка ҳосил қилади. Уларни чўтка, ролик, пульвизатор, шпатель каби стандарт бўяш воситалари ёрдамида ишлатиш мумкин. Иссиқликни сақлашгина эмас, балки маълум шароитларда гидроизоляция ва овоз ютиш хусусиятига ҳам эга.

Бир сўз билан айтганда, ушбу қопламалар ўзининг шу каби ноёб жиҳатлари туфайли иссиқликни тежашдек долзарб масала ечимида муҳим восита бўлиб хизмат қилади.

Икромжон МУРОДОВ,

Бухоро вилояти олий таълим, фан ва

инновациялар бошқармаси шуъба мудири.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер