Бухорода илк бор халқаро биология олимпиадаси ўтказилмоқда

10:47 10 Июнь 2024 Жамият
518 0

Истам ИБРОҲИМОВ/«Халқ сўзи». Буюк аждодимиз Абу Али ибн Синонинг дунё илм-фани, жумладан тиббиёт, фалсафа, зоология, мантиқ, геология каби қатор фанлар равнақига қўшган ҳиссаси мана, ўн асрдирки эътибору эъзозда. Унинг биологияга оид илмий қарашлари ҳам ҳали-ҳануз ўз қимматини йўқотган эмас. Шу нуқтайи назардан Ибн Сино туғилиб ўсган Бухорода халқаро биология олимпиадасининг ўтказилаётгани айни муддао.

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан илк бор ташкил этилган ушбу олимпиада хорижда ҳам катта қизиқишга сабаб бўлди. Унда дунёнинг Хитой, Туркия, Ҳиндистон, Саудия Арабистони, Финляндия, Қувайт каби жами 19 та мамлакатидан 15–18 ёшли ўсмирлар иштирок этаётгани фикримиз тасдиғидир. 120 нафар ўқувчидан иборат 30 та жамоа ғолиблик учун кураш олиб бормоқда. Олимпиада низомига мувофиқ, ақлу заковат беллашуви икки турда ташкил этилади. Ҳакамлар ҳайъати таркибида турли давлатлар келган, халқаро фан олимпиадалари натижаларини баҳолаб боришда муайян тажрибага эга олимлар, экспертларни кўриш мумкин.

«Bukhara-Varnet» масъулияти чекланган жамиятининг туристик манзил сифатида рўйхатга олинган ойнаванд ботаника боғида ушбу олимпиада очилиш маросими ташкил этилди. Унда сўз олганлар юртимизда Абу Али ибн Сино қолдирган бой маънавий-маърифий меросни чуқур ўрганиш борасидаги ишларни алоҳида қайд этиб, олимпиада иштирокчиларига омад тиладилар.

13 июнда қадимий шаҳарнинг Пойи Калон мажмуида тадбирнинг ёпилиш маросими ўтказилади. Ғолибларга олтин, кумуш, бронза медаллари, диплом ва эсдалик совғалари топширилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер